French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:49 / 2026-01-27

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида Япониянинг JICA халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда “Юқумли бўлмаган касалликларни олдини олиш ва назорат қилиш” лойиҳаси доирасида навбатдаги семинар бўлиб ўтди.

2022–2026 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа аҳоли саломатлигини яхшилаш ва соғлом овқатланишни тарғиб этишга қаратилган бўлиб, Навоий ва Тошкент вилоятларида амалга оширилмоқда. Унинг доирасида бирламчи тиббий ёрдам муассасалари ходимлари томонидан мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар ва аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 

Япониялик мутахассислар озуқавий моддаларнинг инсон саломатлигига таъсири, витаминли маҳсулотларни истеъмол қилишнинг аҳамияти ҳақида тушунтиришлар бермоқда. Айниқса, болаларга соғлом овқатланишни ўйинлар орқали ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

*** 

Тошкент вилояти Касбий таълим бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг ҳудудий филиали ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. 

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят Касбий таълим бошқармаси бошлиғи Н.Кулбекова ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг ҳудудий филиали раҳбари Э.Одилов иштирок этди. Ҳамкорлик доирасида касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг тадбиркорлик ва бизнес соҳасидаги билимлари, амалий кўникмаларини ривожлантириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш орқали бандлиги таъминланади. 

*** 

Бўка туманида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда “Ватанпарварлик карвони” ойлиги муносабати билан маънавий-маърифий ва ҳарбий-спорт тадбири бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши, Тошкент ҳарбий округи, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади ёшлар қалбида Ватанга садоқат, жасорат ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни юртимиз мудофаа тизими фаолияти билан яқиндан таништиришдир. 

Унда Бўка туман 2-сон техникуми ўқитувчи ва ўқувчилари, ҳарбий хизматчилар, Фавқулодда вазиятлар ходимлари, Миллий гвардия вакиллари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилари иштирок этди. Ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар тайёргарлик машғулотлари, саф кўриклари ва амалий кўргазмалар намойиш этилди. 

Бу чиқишлар ёшларда ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни ошириш, мардлик ва матонат фазилатларини шакллантиришга хизмат қилди. Шунингдек, спортчи қизларнинг жанговар чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди. 

А.Мусаев, ЎзА.