English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:06 / 2026-01-26

Бўстонлиқ туманида Президентимизнинг тегишли қарорига асосан Олимпия ўйинлари чемпиони Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт клубини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) президенти Моҳаммед Ҳассан Жалоод ҳамда федерация Бош котиби Моҳаммед Алҳарби қурилиш жараёнлари билан танишди. Уларга Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шахрилло Маҳмудов ҳамроҳлик қилди. 

Меҳмонлар спорт клуби лойиҳаси, замонавий талабларга жавоб берадиган спорт иншооти сифатида режалаштирилаётгани, оғир атлетикачилар учун яратиладиган шароитларни юқори баҳолади. Улар бу маскан келгусида жаҳон ва Олимпия ўйинлари чемпионлари етишиб чиқадиган муҳим спорт марказига айланишига ишонч билдирди. 

Ташриф доирасида Халқаро оғир атлетика федерацияси ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, келгусида Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт клубида халқаро семинарлар, ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда тажриба алмашишга қаратилган нуфузли тадбирларни ташкил этиш режалаштирилмоқда. 

*** 

Оҳангарон туманида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишлари белгиланган режа асосида, уюшқоқ ва тизимли тарзда амалга оширилмоқда. Ушбу муҳим жараённинг сифатли ўтказилиши, тўлиқ ва ишончли маълумотларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар жойларда самарали йўлга қўйилган. 

Жумладан, туманда фаолият юритаётган фермер хўжаликларининг онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш жараёнида туман Қишлоқ хўжалиги бўлими ҳамда ушбу комплексга кирувчи ташкилот ва идоралар мутасаддилари томонидан фермерларга бевосита амалий кўмак кўрсатилмоқда. Масъул ходимлар фермерларга электрон платформа орқали маълумотларни тўғри ва тўлиқ киритиш, техник муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур тушунтиришлар беряпти. 

Муҳими, онлайн рўйхатдан ўтиш жараёни фермер хўжаликлари фаолиятига оид аниқ маълумотларни шакллантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд ҳолатни тўлиқ ўрганиш ҳамда келгусида соҳани ривожлантиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. 

Шунингдек, фермерларнинг рўйхатдан ўтиш жараёнида ортиқча оворагарчиликка дуч келмаслиги, улар учун қулайлик яратиш мақсадида, барча тегишли идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорлик янада кучайтирилган. 

*** 

Паркент туманида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолига кўрсатилаётган савдо ва хизматлар сифатини ошириш мақсадида жамоатчилик назорати тадбирлари изчил давом этмоқда. Тумани ҳокими томонидан тасдиқланган жорий йилги режа асосида ишчи гуруҳи савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида мониторинг ҳамда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. 

Жараёнда савдо шохобчалари, умумий овқатланиш масканлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларида маҳсулотларнинг сифати, яроқлилик муддати, нарх-навонинг асослангани, шунингдек, истеъмолчиларга тўлиқ ва ишончли ахборот тақдим этилиши ҳолатлари таҳлил қилинмоқда. 

Аниқланган камчиликлар бўйича тегишли ташкилот ва субъектларга тақдимномалар киритилиб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, қонунчилик талаблари тушунтирилмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.