Юртимизда маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, жойларда ишларни самарали ташкил этиш ҳамда аҳолининг солиқ маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, “Солиқ тўлаш – бурчим” шиори остида Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда маҳалла еттилиги аъзолари, масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбир давомида солиқ тўловларининг маҳалла равнақи, инфратузилмани ривожлантириш, ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашдаги ўрни атрофлича тушунтирилди.
Фуқаролар солиқ имтиёзлари, тадбиркорлик фаолиятидаги мажбуриятлар, электрон тўлов тизимлари ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди. Таъкидланганидек, ҳар бир ўз вақтида ва қонуний тўланган солиқ – маҳалла ободлиги, сифатли инфратузилма ва фаровон келажак учун мустаҳкам пойдевордир.
***
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Тошкент вилояти бошқармасида тизимда фаолият юритаётган ходимлар, инспекторлар учун навбатдаги ҳуқуқий-профилактик суҳбат ўтказилди. Унда Агентликнинг Комплаенс назорати бўлими мутахассислари, вилоят прокуратураси вакиллари коррупцияга қарши курашиш борасида миллий қонунчилигимиз, тизимда қабул қилинган ички идоравий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва талаблари иштирокчиларга етказди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, манфаатлар тўқнашуви бўйича низом, коррупция хавф-хатарларни баҳолаш каби бир қатор мавзуларда тушунчалар берилди. Мақсад ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида, ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида ва чегара масканларида экспорт-импорт жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, экспортёр корхоналар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан амалдаги норматив-ҳуқуқий талаблар асосида иш олиб боришдир.
Шунингдек, иштирокчиларга Агентлик тизимида коррупция ҳолатларини олдини олиш мақсадида алоқа каналлари йўлга қўйилгани тўғрисида маълумот берилди. Хусусан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тизимида ходимлар томонидан турли қоидабузарликлар, ноқонуний ҳолатлар ҳақида хабар бериш учун ишонч телефони, расмий ижтимоий тармоқлардаги манзилларга мурожаат қилиш мумкинлиги айтилди.


***
Юртимизда ёшлар муаммоларини ўрганиш, таклифларини қўллаб-қувватлаш ва ташаббусларини рўёбга чиқариш раҳбарлар фаолиятининг устувор вазифасига айланган. Мазкур ёндашув доирасида бугун Юқори Чирчиқ туманида ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи А.Аҳмедов, вилоят прокурори А.Мирзаев, вилоят ИИББ бошлиғи А.Абдураззоқов, Юқори Чирчиқ тумани ҳокими У.Атемов, шунингдек, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Н.Ҳожиев ёшларни қизиқтираётган масалалар бўйича очиқ мулоқот ўтказди.



Тадбир доирасида ишсиз ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ўтказилди, шунингдек, ёшлар ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва мурожаатларини бевосита вилоят масъулларига етказиш имкониятига ҳам эга бўлди.
А.Мусаев, ЎзА.