Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:25 / 2026-01-20

Ёшларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, болалар ва ўсмирларни жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш мақсадида жорий йил февраль ойида Бўстонлиқ туманидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Chimgan challenge-2026” спорт фестивали ташкил этилади.

Бир неча йиллардан буён ўтказилаётган ушбу фестиваль доирасидаги ўқув-семинар, махсус тренинглар ҳамда мини-футбол, волейбол, стритбол, стол тенниси турлари бўйича спорт мусобақаларида вазирлик, идора ва ташкилотлардан спорт тарғиботчилари қатнашади. 

*** 

Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси ҳамда Тошкент гуманитар фанлар университети ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган Меморандум имзоланди. Мазкур ташаббус таълим тизимида илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш, педагог кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда замонавий таълим ёндашувларини амалиётга жорий этишни назарда тутган. 

Учрашув давомида томонлар ўртасида бир қатор муҳим масалалар бўйича келишувларга эришилди. Жумладан, мактабгача ва умумтаълим муассасалари учун замонавий педагогик технологияларни жорий этиш, университет профессор-ўқитувчилари иштирокида малака ошириш курслари, семинар-тренинглар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш белгиланган. 

Шу билан бирга, талабаларнинг мактабгача ва мактаб таълим муассасаларида амалиёт ўташини тизимли йўлга қўйиш, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилади. 

*** 

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раисининг тегишли топшириғи билан республикамизнинг барча ҳудудларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда. 

“Ҳудудгаз Тошкент” ГТФ комплаенс назорат тузилмалари, газ таъминоти бўлими ва “Ўзенергоинспекция” ходимлари иштирокида Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган хатлов жараёнида табиий газдан ўғринча фойдаланиш ҳолати фош этилди. 

Хусусан, “Янги турмуш” МФЙда жойлашган “О.Т.М.” оилавий корхонасига қарашли зиравор ишлаб чиқариш цехида истеъмолчи ижро-техник ҳужжатларисиз тармоққа уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланаётгани аниқланди. 

Ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, 1 миллиард 10 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди. Барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. 

А.Мусаев, ЎзА.