Оҳангарон туманида иқтисодий салоҳиятни ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий саноатни ривожлантиришга қаратилган яна бир йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Хусусан, туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва алкоголсиз табиий ичимликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхона барпо этилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида халқаро стандартларга жавоб берадиган, экологик тоза, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Корхонада замонавий технологиялар жорий этилади. Бу орқали маҳсулотлар сифати қатъий назоратдан ўтказилиши режалаштирилган.
Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач 500 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланиши кутилмоқда. Айни пайтда қурилиш ишлари давом этмоқда.


***
Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари иш юритувидаги суд қарорларига асосан ҳокимликлардан жисмоний ва юридик шахслар фойдасига бузилган уй-жойлар, иморатлар, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иншоотлар учун компенсация ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари устидан доимий назорат йўлга қўйилган.
Ўтган йил қолдиғи билан ҳисоблаганда жорий йилнинг 15 январь ҳолатига бошқарма ва ҳудудий бўлимлар иш юритувида компенсация ундируви билан боғлиқ жами 180,9 миллиард сўмлик 343 та ижро ҳужжати мавжуд. Шундан 159,1 миллиард сўмлик 276 та ҳужжат амалда ижро этилгани сабабли иш юритувдан тамомланган.
Бугунги кунда жисмоний ва юридик шахслар фойдасига компенсация ундируви давом этмоқда.

***
Тошкент туманида жойлашган Н.Боймуҳамедов номидаги оилавий шифокорлик пункти қайта замонавий қиёфага келтирилди.
2025 йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунланиб, муассаса фойдаланишга қабул қилинди. Қўшимча бино қурилиши ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиши натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Муассасанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мазкур лойиҳанинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, профилактика ва эрта ташхис имкониятларини кенгайтиришдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.


А.Мусаев, ЎзА.