Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
14:20 / 2026-01-14

Қибрай туманида Мудофаа ишлари бўлими биноси мукаммал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Тантанали очилиш маросимида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, вилоят ҳамда туман ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этди.

Реконструкция жараёнида бино тўлиқ янгиланиб, ундаги иш ва хизмат кўрсатиш хоналари замонавий талабларга мослаштирилди. Ходимлар ва ҳарбий хизматга чақирувчилар учун зарур шароитлар яратилиб, техник таъминот воситалари тўлиқ янгиланди. Бинонинг қурилиш ишлари учун тегишли қарорлар асосида махсус ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан беш миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. 

Янгиланган бино туманда Мудофаа ишлари бўлими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, аҳолига хизмат кўрсатиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. 

*** 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан тадбирлар ташкил этилмоқда. 

Жумладан, божхона тизимида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган марҳум Даврон Абдуғаниевнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди. Учрашувда марҳумнинг божхона органларидаги фаолияти, касбига ва Ватанга бўлган садоқати чуқур ҳурмат ва хотиралар билан ёдга олинди. 

*** 

Айни кунларда “Обод маҳалла – обод кўча – обод хонадон” тамойили доирасида Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Оҳангарон туманидаги “Увак” оилавий шифокорлик поликлиникасида аҳоли учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. 

Жараёнларда вилоят Кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази, вилоят Эндокринология ва кардиология маркази, вилоят Перинатал маркази, вилоят Кўз касалликлари маркази ҳамда Оҳангарон туман Кўп тармоқли марказий поликлиникасининг тор соҳа мутахассислари фаол иштирок этди. 

Тадбир доирасида аҳоли билан соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатлардан воз кечиш ва касалликларнинг олдини олиш мавзуларида суҳбатлар ҳам ўтказилди. 

А.Мусаев, ЎзА.