Нурафшон шаҳрида 2025 йил Тошкент вилоятида ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар, келгусидаги истиқболли режалар ҳамда долзарб устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган махсус комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Султонбеков, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси масъуллари, шунингдек, қатор ҳамкор ташкилотлар ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда ўтган йил давомида йўл қўйилган камчиликлар, айрим йўналишлардаги сусткашликлар ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, йил бошиданоқ ёшлар бандлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида жиноятчилик даражасини камайтириш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, шунингдек, алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

***
Бекобод шаҳрида Туркия давлатининг нуфузли “Medipol Mega Hospitals Group” мутахассислари иштирокида Тошкент вилояти миқёсида хайрия тиббий кўрик ва бепул маслаҳатлар ўтказилмоқда.
Мазкур тадбир доирасида болалар урологияси бўйича мутахассис ҳамда нейрохирургия йўналишида болалар ва катталар учун малакали шифокорлар ҳамкорлигида аҳолига тиббий кўриклар ўтказилиб, зарур тавсиялар берилмоқда. Бу ташаббус соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилгани билан аҳамиятли.

***
Чирчиқ шаҳрида пара спорт турлари ҳамда турли нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Тошкент вилояти пара спортчилари ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир вилоят ҳокимлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди. Маросимда спортчиларнинг халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари алоҳида эътироф этилди.

Сўзга чиққанлар пара спортчиларнинг муваффақиятлари нафақат шахсий ғалаба, балки жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёш авлодни қатъият, сабр-тоқат ва матонат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Уларнинг ҳар бир ютуғи кўплаб ёшларга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.
Тадбир давомида юксак ирода, мустаҳкам қатъият ва юқори спорт маҳоратини намоён этган пара спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларига ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.
А. Мусаев, ЎзА