Президентимизнинг “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув “Оҳангарон қувур металлургия заводи”да бўлиб ўтди.
Унда ҳужжатга мувофиқ жорий этилаётган янги тартиблар, импорт ва экспорт юкларини автоматик тарзда божхонадан расмийлаштириш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, 2026 йил 1 мартдан товарларни чегара божхона постига етиб келганигача дастлабки декларациялаш орқали “эркин муомалага чиқариш” режимида расмийлаштириш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, дастлабки декларациялаш орқали расмийлаштирилаётган товарлар учун божхона йиғими 20 фоиз камайтирилади, божхона тўловларини кечиктириб тўлашда эса 14 кунгача фоиз ҳисобланмайди. Янги тартиблар тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, экспорт-импорт жараёнларини янада тезлаштиришга хизмат қилади.

***
Бекобод тумани Тиббиёт бирлашмасида ўтказилган навбатдаги мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди. Беморнинг умуртқаси ёпиқ жароҳати малакали шифокорлар томонидан умуртқа синиши жарроҳлик йўли билан олиб ташланди.
Амалиёт туман Тиббиёт бирлашмасининг тажрибали мутахассислари томонидан юқори технология асосида ТПФ система орқали умуртқа поғонаси фиксацияланди. Жараёнлар белгиланган тиббий стандартларга қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилди. Ушбу операция туман шифокорларининг касбий маҳорати, билим ва тажрибасининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.


***
Чирчиқ шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бокс бўйича Тошкент вилояти чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада катталар (аёллар), ёшлар (U-19 қизлар), ўсмирлар ҳамда кичик ўсмирлар йўналишида энг иқтидорли боксчи қизлар иштирок этди. Улар вилоятнинг турли спорт мактаблари ва клублар шарафини ҳимоя қилди.

Чемпионат давомида иштирокчилар техник ва тактик маҳоратларини намойиш этиб, терма жамоа учун истиқболли спортчилар сараланди. Мусобақа ғолиб ва совриндорлари диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур чемпионат боксчи қизлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, ёш авлодни спортга жалб қилиш ҳамда келгуси республика мусобақаларига тайёргарлик жараёнида муҳим босқич бўлиб хизмат қилди.
А.Мусаев, ЎзА.