Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида Президентимизнинг 2025 йил 6 декабрдаги тегишли фармони билан афв этилган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, жамиятга қайта интеграция қилиш, бандлигини таъминлаш ҳамда мавжуд ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда вилояти ИИББ бошқармаси мутасаддилари, Соғлиқни сақлаш, Ёшлар ишлари агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирок этди. Мулоқотда афв этилган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, соғлиғини тиклаш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш масалалари юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, ҳар бир шахсга масъул ходимлардан мураббийлар бириктирилди. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлиғида муаммоси мавжуд бўлган уч нафар шахсга бепул тиббий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, 46 нафар шахс корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилиб, уларнинг доимий бандлиги таъминланди. Фуқаролик ҳужжатлари мавжуд бўлмаган икки нафар шахсга бепул ID-карта расмийлаштирилди.

***
Қиш мавсумининг қировли кунларида ёввойи ҳайвонлар ва қушларни ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудида навбатдаги биотехник тадбирлар амалга оширилди.
Унда ов хўжалигининг Қорақизсой, Онаўлгансой, Қуруқсой, Толдиқсой ва Қорабоғсой ҳудудларида ёввойи ҳайвон ва қушларни қўшимча озиқлантириш ишлари олиб борилди. Жараёнда жами 300 килограмм туз ва 500 килограмм омухта ем тайёрланиб, ҳайвонлар хавфсиз ҳаракатланадиган, катта харсанг тошлар ораси ва остидаги қуруқ жойларга сепилди.
Ушбу биотехник тадбирлар қиш фаслида ёввойи табиат жонзотларининг яшаб қолишлари, уларнинг соғлом сақланиши ҳамда табиий мувозанатни таъминлашга хизмат қилади.


***
Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Тошкент вилояти филиали биносида филиал мутасаддилари, жамоатчилик фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда дастлаб, ташкилот раҳбари ўринбосари Мирзобек Тошбоев 2025 йил давомида давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида атрофлича маълумот берди. Қайд этилганидек, жорий йилда давлат фуқаролик хизматига кадрларни очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида қабул қилиш мақсадида жами 5 минг 308 та танлов ўтказилиб, 1 минг 459 нафар номзод ғолиб деб топилган.


Матбуот анжуманида Миллий кадрлар захирасини шакллантириш, инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш йўналишларида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.
А.Мусаев, ЎзА.