Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:39 / 2025-12-16

Янгийўл шаҳрида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли рассом Қўчқорбой Акбаровнинг “Табиат ва мен” деб номланган шахсий кўргазмаси ҳамда ёшлар ва мухлислар билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди.

Картиналарда табиатнинг сукунати, инсон руҳиятининг нозик кечинмалари, миллийлик ва замон нафаси уйғун ҳолда ифода этилган. Ҳар бир асар – ҳаёт ҳақидаги ўй, ҳар бир ранг – қалбдан чиққан садо каби қабул қилинади. Ижодий учрашувда Қўчқорбой Акбаров санъатнинг инсон маънавиятидаги ўрни, ижодкор масъулияти ва изланиш йўли ҳақида ўз фикрларини билдирди. 

*** 

Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ижроси доирасида Оҳангарон туманида навбатдаги муҳим ижтимоий лойиҳа амалга оширилди. 

Хусусан, Чувилдоқ маҳалласидаги 39-сонли оилавий поликлиника филиалининг янги биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Янги тиббиёт маскани замонавий талабларга мос ҳолда барпо этилган бўлиб, қурилиш ишларига 2 миллиард 93 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Очилиш маросимида Оҳангарон тумани ҳокими Баҳромжон Норқобилов иштирок этиб, маҳалла аҳлини ушбу муҳим ижтимоий объектнинг ишга туширилиши билан қутлади. 

Тадбирда иштирокчилар янги поликлиникада яратилган шароитлар, тиббий хоналар, қабул жараёни учун мўлжалланган жиҳозлар ва хизмат имкониятлари билан яқиндан танишди. 

*** 

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раисининг тегишли топшириғи билан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда. “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиалининг комплаенс назорат тузилмалари томонидан ўтказилган рейдларда Олмалиқлик тадбиркорлар “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланиб келаётгани фош этилди. 

Хусусан, “Намуна” МФЙдаги “М.А.” МЧЖ биноси хатловдан ўтказилганда, истеъмолчи ўчириш қурилмасига ўрнатилган бир мартали тамғани ўзбошимчалик билан олиб ташлаган ҳолда табиий газдан фойдаланаётгани аниқланди. Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, 199 миллион 422 минг сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди. 

Мазкур маҳалладаги “О.Р.” МЧЖга қарашли ҳудудда ҳам истеъмолчи бир мартали тамғани ўзбошимчалик билан олиб ташлаб, табиий газ тармоғига улангани маълум бўлди. Ҳолат бўйича қайта ҳисоб-китоб амалга оширилиб, 138 миллион 342 минг сўм жарима белгиланди ва барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. 

А.Мусаев, ЎзА.