Маълумки, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жисмоний фаолликни ошириш мақсадида мамлакатимизда “Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш” спорт синовлари ўтказилган эди.
Спорт синовларида Тошкент вилоятидан 30 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта бўлган 44 минг нафардан ошиқ фуқаролар ўз жисмоний тайёргарлик даражасини намоён этди. Шу муносабат билан Тошкент вилоятида “Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш” спорт синовларида юқори натижа кўрсатган фуқароларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Р.Бобоқулов Пискент, Ўрта Чирчиқ туманлари ва Нурафшон шаҳрида юқори натижага эришган бир қатор фуқароларга Спорт вазирлигининг 1-, 2- ва 3-даражали кўкрак нишон ҳамда махсус совғаларни тантанали равишда топширди.

***
Паркент туманининг тоғли ҳудудларида сув-сел тошқини юз бериб, талафот келиб чиқиши мумкин бўлган маҳаллалари, жумладан, Чинорбулоқ ҳудудида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, маҳалланинг Заршох кўчасининг юқори тоғ қияликларидан сел сувлари келувчи қисмида хавфсизликни таъминлаш мақсадида бетонли сел ташлама қурилиши, шунингдек, галереяли ва қувурлардан иборат ўтиш йўллари барпо этилмоқда.
Ёмғирли кунлар бошлангани ушбу кўчада сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиш хавфини ошириши турган гап. Шу боис, туман ҳокими Элмурод Пўлатов жойларда таъмирлаш ишларининг сифатини текширди. Ўрганиш якунида сув-сел тошқини хавфи бор бўлган барча тоғли ҳудудлар ҳоким томонидан алоҳида назоратга олинди.


***
Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов Бекобод шаҳрининг Булоқариқ маҳалласида бўлиб, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида маҳалла фаоллари, тиббиёт мутахассислари ва фуқаролар билан мулоқот ўтказди.
Унда аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва тиббий хизматга бўлган эҳтиёжлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, маҳаллада амбулатория фаолияти, оилавий шифокорлар ишининг самарадорлиги, аҳоли ўртасида профилактик хизматларни кучайтириш, болалар ва оналар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.


Жумладан, тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган аниқ вазифалар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилиши белгиланди.
А.Мусаев, ЎзА.