Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:16 / 2025-12-09

Чирчиқ шаҳрида “Мурувват” маҳалласи янги биносининг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими, тегишли ташкилотлар масъуллари, маҳалла нуронийлари ҳамда фаоллар иштирок этди.

Лойиҳани амалга ошириш мақсадида шаҳар ҳокимлиги томонидан етарли маблағлар ажратилди. Мазкур маблағлар ҳисобидан замонавий талабларга мос, қулайликларга эга бино барпо этилди ва тўлиқ жиҳозланди. 

Янги бино маҳалла аҳолиси учун сифатли хизмат кўрсатиш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида қабул қилиш ва ҳал этиш, шунингдек, ҳудудни самарали бошқариш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади. Бинода маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва масъул ходимлар фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган. 

*** 

Оҳангарон шаҳрида  Тошкент вилояти солиқ бошқармаси ташаббуси билан “Конституция – Ҳуқуқим, Солиқ – Бурчим” шиори остида шаҳар мактаблари ўқувчилари иштирокида кенг кўламли маърифий акция ўтказилди. 

Асосий мақсад — ёшлар онгида солиқ маданиятини мустаҳкамлаш, солиқларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва давлат бюджети қандай шаклланиши ҳақида содда ва тушунарли тушунча беришдан иборатдир. Тадбирни тантанали равишда шаҳар ҳокими, Тошкент вилояти солиқ бошқармаси, Оҳангарон шаҳар солиқ инспекцияси, Мактаб ва мактабгача таълим бўлими, Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа масъул ташкилотлар вакиллари очиб берди. 

Меҳмонлар ўз чиқишларида ушбу акция ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этишини, солиқ маданиятини айнан мактаб давридан бошлаб шакллантириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва бурчларни келажак авлодга содда, аниқ ва тушунарли тарзда етказиш бугунги кун талаби экани қайд этилди. 

Шундан сўнг иштирокчилар белгиланган йўналишлар — расм чизиш, иншо ёзиш, ижодий ишланмалар ва бошқа фаол машғулотлар бўйича ўз ишларига киришиб, катта қизиқиш билан қатнашди. 

*** 

Тошкент вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан юртимиздан қўшни давлатга “Ойбек” чегара божхона пости орқали чиқиб кетаётган фуқаро бошқарувидаги енгил автоулов белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. 

Кўрик жараёнида автоулов салонида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, шунингдек оғзаки сўров вақтида маълум қилинмаган 41 610 АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валюта аниқланди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.