Оҳангарон туманида Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм хизматчилари учун бунёд этилган янги хизмат уйлари тантанали топширилди.
Тадбирда ДХХ Чегара қўшинлари раҳбарияти, Оҳангарон туман ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, нуронийлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди. Мазкур ташаббус ҳарбийлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, уларнинг юрт сарҳадларини қўриқлаш йўлида амалга ошираётган фидокорона хизматларини муносиб рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди.

***
Оққўрғон туманидаги Касбий кўникмалар марказида “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати” мавзусида ёшлар билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши раиси С.Файзиева, вилоят Касбий таълим бошқармаси бошлиғи Н.Кулбекова, Оққўрғон тумани Адлия бўлими масъул ходими Б.Мавлонов ҳамда касбий таълим муассасаларининг ўқувчи ёшлари иштирок этди.
Қомусимизда халқимизнинг иродаси ва орзу-истаклари ёрқин акс этгани, ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши учун шароитлар яратиб бериш кафолатлари мустаҳкамлаб қўйилгани таъкидланди. Шунингдек, ўқувчи ёшларга касаба уюшмаларининг ёшлар билан ишлаш йўналишидаги фаолияти, ёшлар бирлашмаси томонидан йўлга қўйилган лойиҳалар ҳақида тушунча берилди.
Учрашув очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, унда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар ҳамда таклифлар юзасидан раҳбарларга мурожаат қилди.


***
Тошкент вилоятида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларига тайёргарлик жараёнлари босқичма-босқич чуқур таҳлил қилиниб, тизимли ёндашув асосида ташкил этилмоқда. Бу борада жараёнларнинг марказлаштирилган бошқарувини таъминлаш учун вилоят ҳокимлиги ҳузурида махсус штаб фаолияти йўлга қўйилган.
Мазкур штаб томонидан амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш мақсадида вилоят прокурори бошчилигида штаб аъзолари ва масъул идоралар вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-сентябрдаги тегишли фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари атрофлича ўрганилди.


Йиғилиш давомида айрим ҳудудларда мавжуд бўлган камчиликлар, уларни бартараф этиш механизмлари ҳамда рўйхатга олиш жараёнини тезкор ва аниқ ташкил этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Масъулларга белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
А.Мусаев, ЎзА.