“Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Танлов дастлаб 883 та маҳаллани қамраб олиб, шаҳар ва туман босқичларида сараланган иштирокчилар Нурафшон шаҳрида ўзаро беллашди.
Иштирокчилар томонидан “Обод хонадон” ва “Обод кўча” номинацияларида ободонлаштириш ишлари акс этган фото ва видеороликлар тақдим этилди. Шу билан бирга, “Обод маҳалла” номинациясида раислар тақдимот ва савол-жавоблар орқали ўз тажрибаларини намойиш қилди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари хулосасига кўра қуйидаги иштирокчилар ғолибликни қўлга киритди.
Хусусан, “Обод маҳалла” номинациясида Пискент тумани “Бекобод” маҳалла фуқаролар йиғини ғолиб бўлди. “Обод хонадон” номинациясида Янгийўл тумани “Қирариқ” маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари яхши натижа кўрсатди. Шунингдек, “Обод кўча” номинацияси бўйича эса Чирчиқ шаҳрининг “Шарқ” МФЙ, Муқимий кўчаси муносиб кўрилди. Қатнашчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.Энди ғолиблар танловнинг Республика босқичида иштирок этади.

***
Оҳангарон туманида “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – келажак учун пойдевор” мавзусида амалий семинар ташкил этилди. Унда Тошкент вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Қорабоев, вилоят фермерлари Кенгаши раиси Ш.Дўсбеков ва Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ф.Мухайминов ва соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинарда боғ-токзорлардаги ҳар бир бўш майдондан самарали фойдаланиш, дала четларига манзарали ва мевали кўчатлар экиш, ҳамда боғ қатор ораларига тўқсонбости экинларни жойлаштириш бўйича атрофлича тушунчалар берилди. Мақсад агротехнологияларни ривожлантириш, ердан оқилона ва унумли фойдаланиш, сув ресурсларини тежовчи технологияларни қўллаш, соҳага янгича инновацион ёндашувларни жорий этишдир.


***
Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазири бошчилигидаги делегация М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги филиалида меҳмон бўлди. Улар бу даргоҳдаги таълим жараёнлари, мавжуд шарт-шароитлар ҳамда таълим инфратузилмаси, замонавий лабораториялар фаолияти, ўқув аудиториялари, талабалар учун яратилган имкониятлар ва ўқув дастурлари билан яқиндан танишди.


Учрашув доирасида талабалар томонидан бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилиб, уларни амалга ошириш бўйича амалий режалар белгиланди.
А.Мусаев, ЎзА.