Бўстонлиқ туманида ўтказилган “Yetakchi Camp” ўқув-семинарида маҳаллалардаги энг фаол 100 нафар ёшлар етакчилари ўзларидаги касбий ва шахсий салоҳиятни ошириш, замонавий бошқарув, коммуникация, медиа ва инновацион фикрлаш кўникмаларини мустаҳкамлади.
Беш кун давомида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, “HR menejment”, “soft skills”, лойиҳаларни бошқариш, нутқ маданияти, молиявий саводхонлик, стартап ва сунъий интеллект каби йўналишлар бўйича тренингларда иштирок этди.
Якунда пойтахтга қайтган иштирокчилар билан Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда маҳаллаларда ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича фикрлар алмашилди.

***
2026 йил чигит экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкент вилоятида жами 5 минг 72 тонна уруғлик пахта тайёрланган бўлиб, унинг асосий қисмини маҳаллий навлар ташкил этади. Хусусан, “С-8290”, “Султон”, “С-6524”, “Наманган-77”, “Равнақ-1”, “Равнақ-2” каби ҳудуд шароитига мос навлар бўйича жами 4 минг 546 тонна уруғлик жамғарилди. Ушбу навлар истиқболли ҳосилдорлик, касалликларга нисбатан чидамлилик ва қайта тикланувчанлик кўрсаткичлари билан ажралиб туради.
Ўз навбатида, хорижий навлар бўйича ҳам етарли захира шакллантирилди. Улар вилоятнинг айрим ҳудудларида интенсив технологиялар билан экиладиган майдонлар учун мўлжалланган. Яратилган уруғлик фонди 2026 йил экин майдонларини тўлиқ қамраб олиш, ҳосилдорликни барқарор ошириш ва пахта етиштиришда замонавий талабларга жавоб берадиган агротехник жараёнларни таъминлашга хизмат қилади.


***
Маълумки, Президентимизнинг 2025 йил 24 июлдаги тегишли қарори асосида туманнинг Улуғбек ҳудудида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Бекобод” махсус иқтисодий зонаси ташкил этилмоқда.
Шу муносабат билан ҳудуддаги Исфара маҳалласида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошчилигида ташқи темир йўл тармоғини тортиш ишлари бошланди. Жараёнда Бекобод тумани фаоллари иштирок этиб, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ҳақида фикр алмашди.


Лойиҳа умумий қиймати 103 миллиард сўм, темир йўл узунлиги 8,8 километрни ташкил этади. Бу ташаббус Бекобод туманининг саноат салоҳиятини ошириш, инвестициялар жалб этиш ва янги иш ўринларини яратишда жуда катта аҳамиятга эга.
А. Мусаев, ЎзА.