Маълумки, мамлакат келажаги, иқтисодиёт ривожи, аввало, билимли авлодга боғлиқ. Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида соҳадаги устувор вазифалар юзасидан мулоқот бўлиб ўтди.
Юртимизда боғча ва мактаблар қуриш, замонавий ўқув дастурларини қўллаш, таълим сифатини ошириш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Бу йил Тошкент вилоятида мактабгача таълимда ўринлар сонини 96 фоизга ошириш режалаштирилган. Уларнинг 40 фоизи янги боғчалар ҳиссасига тўғри келади. Қолган ўринлар эски боғчаларни таъмирлаш орқали ҳамда хусусий сектор иштирокида ташкил этилади.

Бунинг учун мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда бўш ерлар аукционга чиқарилмоқда. Уларда давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар қуриш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади. Келаси йили Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир вилоятда боғча тарбиячиларининг педагогик маҳоратини оширишга методик кўмаклашувчи “Янги авлод” боғчалари барпо қилинади.
Таҳлилий-танқидий ўтган тадбирда вилоят мактабгача таълими тизимида амалга оширилаётган ишлар ва ечимини кутаётган масалалар кўриб чиқилди. Мутасаддиларга камчиликларни бартараф этиш борасида кўрсатмалар берилди. Тизимда хориж тажрибасини жорий этиш, болаларда касбий кўникмаларни шакллантириш бўйича вазифалар белгиланди.
***
Юқори Чирчиқ тумани соғлиқни сақлаш тизимида амалий учрашув ва давра суҳбати ўтказилди. Президентимизнинг 2025 йил 10 ноябрда соғлиқни сақлаш ходимлари билан учрашувда берилган топшириқлари ҳамда 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалий ишлар давом этмоқда.

Шу муносабат билан Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори С.Исмаилов, туман ҳокимининг ўринбосари Д.Асқаров ва республика ишчи гуруҳи аъзолари Султонравот маданият марказида “Навбаҳор” ва “Чумчуқжар” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳамда маҳалла еттилиги аъзолари билан учрашув ўтказди.

Унда аҳоли орасидаги тиббий масалалар, мавжуд муаммолар, уларнинг ечими бўйича сўз юритилди. Аниқланган масалаларнинг бир қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди, қолганлари эса режали тарзда бажарилиши белгиланди. Шундан сўнг масъуллар Юқори Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан танишди.
Хусусан, хирургия йўналишида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилиб, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, юқори технологиялар асосида жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш борасида амалий кўрсатмалар берилди.
***
Нурафшон шаҳридаги Cyber давлат Университетида ёшлар ва инвесторлар учрашуви ташкил этилди. Тадбирда Алоқа банк бошқаруви раиси ўринбосари Жўрабек Ўрақов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов, йирик компания ва ташкилотлар вакиллари, фаол ёшлар иштирок этди.


Учрашув давомида кўплаб йирик лойиҳалар асосчилари сўзга чиқиб, бизнес юритиш асослари, ривожланиш стратегиялари ҳамда муваффақиятга эришиш йўлидаги тажрибаларни ёшлар билан баҳам кўрди. Шунингдек, ёшлар томонидан тадбиркорларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилинди.
А.Мусаев, ЎзА.