Польша давлатининг Варшава шаҳрида Тошкент вилояти Савдо уйи фаолият бошлади. Бу ташаббус Тошкент вилоятида ишлаб чиқарилган рақобатбардош маҳсулотларни Европа бозорларига тизимли равишда олиб чиқиш, поляк ишбилармон доиралари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш ҳамда янги шериклик муносабатларини йўлга қўйиш учун қулай шарт-шароит яратади.
Сўнгги йилларда Тошкент вилоятида ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш борасида изчил ва мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигида ташқи алоқаларни мустаҳкамлаш, янги бозорларга чиқиш ва хорижий инвесторларни жалб этишга қаратилган ташаббуслар амалий натижалар бермоқда.
Хусусан, Варшава шаҳридаги Савдо уйининг ишга туширилиши мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, у келгусида вилоят ишбилармонларининг Европа Иттифоқи бозорларидаги иштирокини кенгайтириш, савдо-саноат субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим платформа вазифасини бажаради.

***
Чирчиқ шаҳар “Нур” маҳалласида замонавий спорт зали фойдаланишга топширилди. Янги маскан очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Спорт вазири ўринбосари, шаҳар ҳокими, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу спорт иншооти маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказишига, оммавий спортни ривожлантиришга ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилишини таъкидлади. Мазкур бино илк бор 1935 йилда қурилган бўлиб, жорий йилда “Open byudjet” лойиҳаси доирасида ажратилган 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига бутунлай янгидан барпо этилди.
Шунингдек, тадбирда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича ҳудудда кўчат экиш ишлари ҳам амалга оширилди.


***
Тошкент вилояти ҳокими томонидан Президент олимпиадасида юқори натижаларни қўлга киритаётган спортчиларнинг ота-оналарига “Ташаккурнома”лар юборилди.
Ушбу эзгу ташаббус спортчиларнинг юксак меҳнатини эътироф этиш, уларни янада руҳлантиришга қаратилган маънавий рағбатдир. Ташаккурномалар спортчиларнинг ота-оналарига туман-шаҳарлар ҳокимликлари масъуллари, ҳудудий Спорт мактаблари мутасаддилар ва маҳалла фаоллари томонидан етказилмоқда.


Хусусан, Бекобод туманида ташкил этилган учрашувларда ота-оналар ва яқинлар билан суҳбатлар ўтказилиб, фарзандларининг спортдаги меҳнати, интилиши ва иродаси алоҳида қадрланди. Мазкур тадбирлар нафақат ғолибларни рағбатлантириш, балки ёшлар ўртасида спортга бўлган қизиқишни кучайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
А. Мусаев, ЎзА.