Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:22 / 2025-11-24

2025 йил 13 февраль куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда оммавий ва профессионал спортни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида йилига икки маротаба, уч босқичда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди.

Мусобақаларнинг минтақа ҳамда вилоят босқичида  1 690 нафар иштирокчи сараланиб улар орасида 230 нафар энг кучли спортчи Республика финал босқичида вилоятимиз шаънини ҳимоя қилади!

Тошкент вилояти ҳокимлигида ҳудуд спортчиларини Республика финал босқичига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими, Миллий Олимпия қўмитаси Тошкент вилояти бўлими раиси Зойир Мирзаев, вилоят Спорт бошқармаси раҳбарияти, спорт фахрийлари, ёш спортчилар ва соҳа мутасаддилари иштирок этди.

Тадбирда сўнгги 8 йилда Тошкент вилоятида спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сони 6 минг нафардан 48 минг нафарга етганини ҳамда спорт иншоотларини қуриш ва замонавий жиҳозлаш учун 212 миллиард сўм маблағ ажратилгани алоҳида таъкиднлади.

***

Маълумки, 20 ноябрдан 20 декабргача “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактика ойлиги ўтказилмоқда. Унинг доирасида Тошкент вилояти бўйлаб ўтказилаётган тезкор профилактик тадбирлар давомида, фуқаро ўз хонадонида кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини яшириб сақлаб келаётгани аниқланди. 

Қибрай тумани ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги назорат тадбирида, туманда яшовчи 1974 йили туғилган фуқаро (D.А.) ўзининг яшаш хонадонида шиша идиш ва полиэтилен қопларга жойланган “марихуана” гиёҳвандлик воситаларини яширинча сақлаб келаётгани аниқланиб, далилий ашёлар билан ушланди. 

Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

***

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона постида қўшни мамлакатдан кириб келаётган фуқаро ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди. Фуқаро инсон танасини сканер қилувчи махсус қурилмадан ўтказилганда тасвирларда шубҳали контурлар аниқланган.

Мазкур ҳолат асосида фуқаро белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва декларация қилинмаган, фуқаро эгнидаги кийимининг ички қисмига яширилган 30 бош саъва қуши борлиги фош этилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

А. Мусаев, ЎзА.