Бу йил Ўзбекистон ҳамда Қатар ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганлигига 28 йил тўлди. Шу муносабат билан Доҳа шаҳрида Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси томонидан катта байрам тадбири ташкил этилди.
Юртимиз мустақиллигининг 34 йиллиги ҳам кенг нишонланди. Тадбирда Тошкент вилоятидан бир гуруҳ маданият соҳаси вакиллари фаол иштирок этди. Қатар давлати фуқаролари ўзбек миллий қўшиқлари ва рақсларни кўтаринки қарши олди. Айниқса, санъаткорлар томонидан ижро этилган мақом санъати дурдоналари ва миллий либослар кўргазмаси барчада катта таассурот уйғотди. Тадбирда Тошкент вилояти вакилларига Қатар давлати расмийлари ва дипломатик корпус вакиллари ҳамроҳлик қилди.

***
“Навоий” чегара божхона пости орқали юртимизга пиёда кириб келган фуқаронинг хатти-ҳаракатлари божхона ходимларида шубҳа уйғотгани сабабли шахсий кўрикдан ўтказилди. Натижада фуқаронинг бел қисмига 22 дона “IPhone” русумли уяли алоқа воситалари яширилгани фош этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра телефонларнинг умумий қиймати 524 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Яна бир ҳолатда, юртимизга кириб келган фуқаро инсон танасини сканер қилувчи қурилмадан ўтказилганда тасвирларда шубҳали ҳолат қайд этилди. Шахсий кўрик натижасида фуқаронинг пайпоқ ичига яширилган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 10 дона конвалютда, жами 200 дона капсула шаклидаги дори воситалари борлиги фош этилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


***
Маълумки, буюк жадидларнинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Жадидлар изидан” республика танлови ташкил этилмоқда. Жорий йил танловнинг ҳудудий босқичлари қизғин ўтмоқда.
Унда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган ўқувчилар сони 61 минг 795 нафарни ташкил этди. Мактаб, туман (шаҳар) босқичларида муваффақиятли иштирок этган 44 нафар ўқувчи бугун ўз билимларини вилоят босқичида синовдан ўтказди. Танлов жараёнлари 2 та гуруҳда – 6-7-8- ҳамда 9-10-синфлар бўлиши белгиланган.


Вилоятда энг юқори балл тўплаган икки нафар иштирокчи республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Эътиборлиси, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб барча жойлардаги умумтаълим мактабларида босқичма-босқич “Жадидлар изидан” клублари ташкил қилинди.
А.Мусаев,ЎзА.