Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:08 / 2025-11-18

Нурафшон шаҳрида ёшлар ва талабалар учун “CYBERUNI PARK CUP – 2025” технологик фестиваль юқори савияда ўтказилди. Тадбирда 12 – 30 ёш оралиғидаги юзлаб ёш технология ихлосмандлари иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратларини намойиш қилди.

Фестиваль давомида киберхавфсизлик, робототехника ва авиация йўналишларида бир қатор қизиқарли мусобақалар ташкил қилинди. Ғолиблар пул мукофотлари ва махсус сертификатлар билан рағбатлантирилди. Мақсад ёшларнинг илмий-техник ижодкорлигини қўллаб-қувватлаш, уларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва халқаро мусобақаларга тайёргарлик даражасини оширишдан иборат. 

*** 

Янгийўл туманида ҳозир 41 мингдан зиёд табиий газ истеъмолчилари мавжуд. Уларга қарийб 785 километр газ қувурлари орқали табиий газ етказиб берилади. Айни вақтда туманнинг “Шўралисой” МФЙда ер остидаги эски металл газ тармоқлари пилот лойиҳа доирасида замонавий полиэтилен қувурларга алмаштирилмоқда. 

Бугунги кунга қадар тармоқнинг 500 метр қисмида қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилди. Полиэтилен қувурлар коррозияга учрамайди, юқори мустаҳкамликка эга ва хизмат муддати металл қувурларга нисбатан анча узоқ. Мазкур лойиҳа натижасида тармоққа хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш харажатлари кескин камаяди. Металл газ қувурлари учун хизмат қилган электрокимёвий ҳимоя станциялари учун сарфланадиган электр энергияси харажатлари бартараф этилади. Пилот лойиҳа амалий натижа берса, Янгийўл тумани тажрибаси бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган. 

*** 

Тошкент вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида ўтказилаётган “Соғлом авлод – хавфсиз жамият” профилактик тадбир ўтказилмоқда. Унга кўра, айрим жойларда ўндан ортиқ ҳайдовчиларнинг транспорт воситасида ўткир тиғли предметлар сақлаб келаётгани аниқланиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилди. Мутахассислар уларга зарур тушунтиришлар бермоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.