Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:26 / 2025-11-17

Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан иш юритувдаги фуқаролар фойдасига ҳамда давлат ва бюджет ташкилотларидан қарздорликларни ундириш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудий бўлимлар иш юритувига мазкур тоифадаги жами 772,8 миллиард сўмли 40 мингдан ортиқ ижро ҳужжатлари келиб тушган ва ижро ишлари юритилган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида 34 минг дан ортиқ ижро ҳужжати тамомланиб, 660,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилган. 

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган уй-жойлари, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иншоотлар учун компенсация ундируви билан боғлиқ 219 та ижро иши бўйича жами 120 миллиард сўм маблағлар ундирилган. Бундан ташқари, 12 минг 724 нафар фуқаролар фойдасига 226,3 миллиард сўм, жумладан, иш ҳақлари ҳамда етказилган зарар маблағлари ундирилиши таъминланган. 

*** 

Тошкент вилоят марказидан пойтахт Тошкент шаҳрига жамоат транспорти хизматини янада қулай, хавфсиз ва замонавий даражага кўтариш мақсадида янги автобус йўналиши йўлга қўйилади. 

Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳри Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси билан ҳамкорликда янги йўналишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Нурафшон – Тошкент йўналишида жамоат транспорти қатнови сезиларли даражада яхшиланиб, йўловчилар учун тез, ишончли хизмат жорий этилади. 

*** 

Қибрай туманида спортнинг шашка ҳамда “Қувноқ стартлар” турлари бўйича “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг Тошкент вилояти босқичи юқори савияда ташкил этилди. Унда вилоятдаги умумтаълим мактабларининг энг иқтидорли ўқувчилари иштирок этиб, ўз маҳорат ва чаққонликларини намойиш этди. 

“Қувноқ стартлар” йўналиши бўйича биринчи ўрин Ангрен шаҳридаги 3-мактаб ўқувчиларига насиб қилди. Шашка йўналиши бўйича ўғил болалар ўртасида Охангарон тумани, қиз болалар орасида эса Ангрен шаҳри вакиллари ғолиб бўлди. Якунда ғолиб ва совриндорлар Тошкент вилояти спорт бошқармаси томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

А.Мусаев, ЎзА.