“Фуқаролик жамияти ҳафталиги” муносабати билан жойларда фаол фуқаролик ташаббусларини рағбатлантириш, аҳоли қатламларини ижтимоий ҳаётга фаол жалб этишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Шу муносабати билан Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси, “Юксалиш” ҳаракати, Олий Мажлис ҳузуридаги фонд ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан байрам тадбири ташкил этилди. Унда ННТлар, маҳалла фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркаси ўтказилди. Бу орқали уларнинг меҳнати ва ижод маҳсулини кенг жамоатчиликка танитиш, уларни иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилди. Шунингдек, шахмат ва шашка бўйича мусобақа ўтказилди. Мақсад қатнашчиларини ўзаро дўстлик ва ҳамкорликка чорлашдир.
***
Олмалиқ шаҳрида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида “Таълим – коррупциядан ҳоли” мавзусида семинар ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги вакиллари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда вилоят бошқармаси мутасаддилари, директорлар ва педагоглар иштирок этди.

Таълим тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, соҳа фаолиятини тўлиқ шаффоф ва адолатли йўлга қўйиш, ходимлар ва раҳбарларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчиларга соҳада коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва меъёрий-ҳуқуқий асослар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

***
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда “Ангрен” ТИФ божхона пости ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг имкониятлари ва афзалликлари кенг тарғиб этиляпти.

Ушбу йўналишда ҳудудларда сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда. Жумладан, “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Олтин Тегирмон” МЧЖ масъуллари билан сайёр учрашув ўтказилиб, режимдан фойдаланиш тартиби, имтиёз ва қулайликлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Мазкур корхона томонидан 2025 йилда жами 120 минг тонна буғдой импорт қилиниб, қайта ишлаш натижасида 40 минг тонна ун маҳсулотлари экспорт қилинган. Шу билан бирга, корхона халқаро бозорда муносиб ўрин эгаллаб, бир қатор хорижий давлатлар билан улгуржи савдо иштирокчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.
А.Мусаев, ЎзА