Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:17 / 2025-11-05

Бекобод тумани тиббиёт бирлашмасида илк бор эндопротезлаш (бўғим алмаштириш) жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.

Мазкур мураккаб операция илгари фақат Республика травматология ва ортопедия институтида амалга оширилган бўлса, эндиликда Бекобод шифокорлари ҳам бу йўналишда катта тажриба орттирмоқда.

Республика миқёсидаги малакали шифокорлар ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси жарроҳларидан иборат жамоа томонидан 3 соатдан ортиқ давом этган амалиёт юқори даражада ўтказилиб, бемор соғлиги тикланди.

***

Паркент туманида аҳолининг узумчилик орқали даромад топиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида беш минг туп янги, данаксиз узум кўчатлари бепул тарқатилди.

Ташаббус Президентимизнинг қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга оид тегишли қарори асосида амалга оширилди. Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, ҳамкор ташкилотлар билан бирга Паркентда экспортбоп узум навларини кўпайтириш, маҳаллий боғбонларнинг тажрибасини ошириш ва аҳоли фаровонлигини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб бормоқда.

Жараёнда тажрибали деҳқонлар иштирокида аҳоли учун узум кўчатларини экиш ва парваришлаш бўйича амалий мастер-класслар ҳам ўтказилди. Мазкур ташаббус тез орада бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилади.

***

Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Оҳангарон туман бўлими томонидан навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.

Унда туманнинг “Алишер” МФЙ тоғли ҳудудида фуқаро А.Ш. томонидан сеткали тўр ёрдамида сава қушлари ноқонуний овланаётгани аниқланди ва ҳуқуқбузар тўхтатилди. 

Ҳолат юзасидан шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва тўпланган ҳужжатлар Оҳангарон туман Жиноий ишлар судига юборилди. Ҳуқуқбузар томонидан овланган 9 та қуш эса табиат қўйиб юборилди.

А.Мусаев, ЎзА