Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:41 / 2025-11-04

“Яллама” чегара божхона пости ходимлари томонидан юртимиздан чиқиб кетаётган фуқаро белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Фуқаронинг қўл сумкаси кўздан кечирилганда, унинг ичида умумий оғирлиги 111 грамм бўлган икки дона олтин қуймаси чақалоқлар таглигига яширилгани аниқланди.

Ушбу буюмларнинг дастлабки ҳисоб китобларга кўра, умумий қиймати 133 миллион сўмни ташкил қилди. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

*** 

Юқори Чирчиқ туманида жойлашган стол тенниси марказида спортнинг стол тенниси тури бўйича U-19 ёшлар ҳамда U-11 кичик ўсмирлар ўртасида Тошкент вилояти кубоги мусобақаси ўтказилди. Асосий мақсад ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, стол тенниси спорт турини оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни аниқлашдан иборатдир. 

Чемпионатда ҳудудлардан жамоалар иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар вилоят спорт бошқармаси томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

*** 

Янгийўл туманидаги ҳарбий қисмда “Чақирилувчилар куни” тадбири ўтказилди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Тошкент вилояти бўлинмаси вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, шунингдек, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда “Ватан таянчи” отряд аъзолари ҳамда ўқувчи ёшларга Қуролли Кучлар тузилмаси, ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳияти, замонавий техник жиҳозлар, илғор қуроллар ва ҳарбий техникалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 

Ёшлар ҳарбий хизматчиларнинг машғулотларини кузатиб, уларнинг ҳаёт тарзи билан яқиндан танишди. Ўзаро мулоқотларда реал таассуротларга эга бўлди. Шунингдек, маданий-маърифий чиқишлар, ҳарбий оркестр ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи жўшқин куй-наволар, Тошкент тумани 9 сонли “Жасорат” мактаби ўқувчилари томонидан намойиш этилган қўл жанги чиқишлари иштирокчиларнинг қалбига миллий ғурур ва масъулият туйғусини чуқур сингдирди. 

А.Мусаев, ЎзА.