Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:34 / 2025-11-03

Янгийўл туманида лимончилик соҳасида эришилган ютуқлар, янги технологиялар асосида фаолият юритаётган иссиқхоналар фаолияти ҳамда маҳаллий деҳқонларнинг фидокорона меҳнатини кенг оммага намойиш этиш мақсадида “Лимон сайли” ўтказилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда “Туронбанк” АТБ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳудудлардаги лимон етиштирувчилар, соҳа мутахассислари, тадбиркорлар ва банк вакиллари иштирок этди. Сўнгги йилларда лимончилик йўналиши бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар туфайли вилоят бўйича юзлаб янги иссиқхоналар ташкил этилди. Айниқса, хонадонларда лимон етиштириш билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг ортиб бораётгани янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида банк вакиллари томонидан лимончилик йўналишида амалга оширилаётган имтиёзли кредитлар, молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ва янги имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Иштирокчилар намунали лимонзорларни кўздан кечириб, лимон етиштиришда қўлланилаётган инновацион усуллар, парвариш ва ҳосилдорликни ошириш тажрибалари билан ўртоқлашди. 

*** 

“Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ташаббуси билан республикамиз бўйлаб “Табиатни асраш – инсонни, Ватанни асраш демакдир” мавзусида кўчма фото ва тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ўтказилмоқда. Мақсад ёшларимизнинг экологик илми, билими, тушунчаси ва маданиятини янада юксалтириш, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг атроф-муҳитга бўлган муносабатини янада мустаҳкамлашдир. 

Чирчиқ давлат педагогика университетида Ўзбекистонимизнинг гўзал табиати, табиий бойликлари, биохилма-хиллиги, экологик муаммолари акс этган фото ва тасвирий санъат асарлари намойиш этилди. Тадбирда талабалар, ижодкор ёшлар ўз асарлари билан фаол қатнашди. 

Тадбирда университет ректори Ғафуржон Муҳамедов, “Тасвирий ойина” ИУ раиси Исфандиёр Латипов, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари Бош муҳаррири, таниқли шоир Ўткир Раҳмат, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Моҳира Хаджаева, вилоят ҳокими ўринбосари Нилуфар Нормирзаева иштирок этиб, ушбу кўргазманинг аҳамияти ва бундай тадбирларнинг ёшлар камолотида тутган ўрни хусусида фикр юритди. 

*** 

Паркент тумани ҳокимлигида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди. Муҳокамада соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда ёш инноваторлар қатнашди. 

Тақдимотда соҳада сунъий интеллектни қўллаш орқали ҳосилдорликни олдиндан таҳлил қилиш, ер унумдорлигини аниқлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва зараркунанда ҳашаротларга қарши курашишнинг рақамли монитор тизимларини жорий этиш бўйича лойиҳалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Паркент туманида “Ақлли қишлоқ хўжалиги” тизимини босқичма-босқич жорий этишга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Бунда “Ақлли назорат – барқарор ҳосил калити” тамойили асосида тажриба майдонларини яратиш ҳамда узумчилик йўналишида экспортбоп маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, тақдимот иштирокчилари билдирган таклиф ва ташаббусларни самарали ҳолда соҳага татбиқ этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилашга келишиб олинди. 

А.Мусаев, ЎзА.