Чирчиқ шаҳрида “21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун” муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, таниқли ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамда жамоатчилик фаоллари қатнашди.
Тадбир иштирокчилари шаҳар марказида жойлашган буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг ўзбек адабиёти ва тилига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритилди.
Шундан сўнг, тадбирнинг асосий қисми Кимёгарлар маданият саройида давом этди. Унда сўзга чиққанлар адабиёт намояндалари, тилшунос олимлар, жамоатчилик вакиллари она тилимизнинг бой тарихий илдизлари, унинг замонавий тараққиётдаги ўрни ва ёш авлодга она тилига ҳурмат руҳини сингдириш зарурати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

***
Тошкент вилоятида “Жасорат мактаби”нинг 2025 йил учун 4 мавсумига старт берилди.
Шу муносабат билан 22 та туман-шаҳардан келган 100 нафар ёшлар Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёшлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Куннинг иккинчи қисмида йиғин иштирокчилари Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмга жам бўлди. Улар дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилди ва ҳарбий либослар берилди. Кун тартиби билан таништирилиб мутахассисликлар бўйича гуруҳларга ажратилди.
Ўн кунлик йиғин давомида ёшларга мотивацион тренинглар, касб-ҳунар сирлари, бизнес сабоқлари ва тадбиркорлик йўналиши бўйича касбга йўналтирилади.

***
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси томонидан “Йўловчи-декларацияси” номли янги мобил илова ишга туширилди.
Энди фуқаролар божхона декларациясини онлайн ва осон тарзда тўлдириши мумкин. Иловада керакли бандларни танлаб, бир неча дақиқада жараённи якунлаш кифоя.
Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” ва “Фарҳод” чегара постларида фуқароларга ушбу янги қулайлик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Пост ҳудудида мобил иловани QR код орқали юклаб олиш ва бепул Wi-Fiдан фойдаланиш имконияти яратилган.
А.Мусаев, ЎзА.