Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
09:04 / 2025-10-04

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев жойлардан қабулга ёзилган фуқаролар билан онлайн мулоқот ўтказди.

Унда туман ва шаҳарлардан 30 нафарга яқин фуқароларнинг масаласи мутасаддилар иштирокида тингланди. Қабулда аҳоли соғлиқни сақлаш, моддий кўмак, уй-жой ва маиший турмуш, коммунал хўжалик, бандлик йўналишидаги муаммолар ўрганилди. 

Мулоқотда тиббий хизмат, кредит, бандлик, кадастр хизмати, маиший турмуш масалаларига доир ўндан ортиқ мурожаатга  тезкор ечим топилди. Айрим масалаларни жойига чиқиб ўрганиш юзасидан масъуллар ва депутатлар иштирокида тезкор комиссиялар тузиладиган бўлди.  Яна бир гуруҳ фуқароларга вилоят адлия, ижтимоий ҳимоя тузилмалари мутасаддилари томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

***

Тошкент вилоятида “Жасорат мактаби”нинг жорий йил учун 3-мавсумига старт берилди.

Шу муносабат билан вилоятнинг 22 та туман ва шаҳарларидан келган 100 нафар ёшлар Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида йиғилди. Унда ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ёшлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди ва мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилган имкониятлар, уларни ижтимоий қўллаб қувватлашга қаратилган чора тадбирлар ҳақида фикр билдирилди. 

Шундан сўнг Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда ёшларга ҳарбий либослар берилди, кун тартиби билан таништирилиб мутахассисликлар бўйича гуруҳларга ажратилди. Ушбу ўн кунлик йиғин давомида ёшларга  мотивацион тренинглар, касб-ҳунар сирлари, бизнес сабоқлари ва тадбиркорлик йўналиши бўйича малакали мутахассислар томонидан касбга йўналтирилади. Шунингдек, ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун турли спорт мусобақалари, давра суҳбатлари, интеллектуал ўйинлар, учрашувлар ҳам ташкил этилади.

***

Юқори Чирчиқ туманидаги стол тенниси марказида U-13 ўсмир ўғил болалар ва ўсмир қизлар ўртасида Тошкент вилояти кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақа ёш спортчиларнинг маҳоратини ошириш, уларни стол теннисига янада кенг жалб қилиш, вилоят терма жамоалари учун иқтидорли спортчиларни танлаб олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилди.

Беллашувларда иштирокчилар ўзларининг маҳорати, чаққонлиги ва мусобақаларга пухта тайёргарлигини намойиш этди. Қизиқарли ва кескин ўтган баҳслар якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланди ҳамда диплом ва медаллар билан тақдирланди.

А.Мусаев, ЎзА