French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:25 / 2025-09-25

Президентимизнинг 2025 йил 26 августдаги тегишли фармонига асосан Тошкент вилоятида 63 нафар маҳкум афв этилган бўлиб, вилоят ҳокимлигида ушбу фуқаролар билан давра суҳбати ташкил этилди. Унда афв этилган шахсларнинг кейинги ҳаётга мослашуви, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритилди.

Хусусан, мутахассислар уларнинг ижтимоий мослашуви, тиббий кўрикдан ўтказилиши, меҳнат билан бандлиги, турар жой шароитларини яхшилаш, фуқаролик паспортини расмийлаштириш каби масалаларда амалий ёрдам кўрсатилаётгани таъкидланди.

Афв этилган фуқароларнинг жамиятга тўлиқ мослашувини таъминлаш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларида жамиятда обрў-эътиборга эга, турли соҳаларда кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлган фаоллардан иборат тарбиячи мураббийлар, профилактика инспекторлари бириктирилган. 

*** 

Қуйи Чирчиқ тумани “Гул” маҳалласида универсал спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Янги иншоотнинг очилиш маросими кўтаринки руҳда ўтказилди. Унда маҳалла фахрийлари, спорт мактаби раҳбарияти, ёшлар, жамоат фаоллари ва туман ҳокимлиги вакиллари иштирок этди. 

Сўзга чиққанлар мазкур иншоот ёшлар ўртасида спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда муҳим омил бўлишини таъкидлади. Тадбир давомида ёшларга майдончадан унумли фойдаланиш, уни асраб-авайлаш, жамоавий спорт тадбирларини мунтазам ташкил этиш ҳамда соғломлаштирувчи машғулотларда фаол қатнашиш бўйича тавсиялар берилди. 

*** 

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раисининг топшириғи билан жойларда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган тадбирлар давом этмоқда. “Ҳудудгаз Тошкент” ГТФ комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими, “Ўзэнергоинспекция” ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда Зангиота туманида ўтказилган рейд жараёнида ноқонуний ҳолат аниқланди. 

Хусусан, “Қ.К.” номли умумий овқатланиш масканидаги газ жиҳозларининг сарфи истеъмолчи томонидан ўрнатилган газ ҳисоблаш ускунасининг максимал ҳисоблаш қувватидан ошиқча экани маълум бўлди. 

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, 1 миллиард 157 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди. Ноқонуний ҳолатга оид барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди. 

А.Мусаев, ЎзА.