English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
14:47 / 2025-09-09

Президентимизнинг 2017 йил 3 мартдаги “Осиё Тараққиёт Банки иштирокида “Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш (1-босқич)” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига асосан аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, лойиҳа доирасида Тошкент вилояти ҳудудида сув таъминоти тизимини самарали бошқариш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 94-моддасига асосан “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ, “Мусаффо оби ҳаёт магистрал сув таъминоти” АЖнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан биргаликда қўшиб олиши белгиланди. 

Бунда жами иш ўринлари сақлаб қолинади. Шунингдек, жорий йил 1 октябрь санасидан бошлаб, Тошкент вилояти сув таъминоти корхонасига қўшиб олинадиган истеъмолчилар учун тўлов таърифлари, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши томонидан тасдиқлаб берилган мазкур жадвал асосида амал қилади. 

***

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда, олдиндан олинган тезкор маълумотларга асосан қўшни давлатдан юртимизга ўтиш учун “Яллама” чегара божхона постига кириб келган фуқаро бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилди. 

Унда автоуловнинг юкхонасида юклар орасида жойлаштирилган оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, 143 дона уяли алоқалар борлиги фош этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра мазкур телефонларнинг қиймати 512 миллион сўмни ташкил этади. Ҳозирда  мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган. 

*** 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган “Хавфсиз кибермакон” тезкор-профилактик ойлиги доирасида Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик хизмати томонидан жамоат жойлари, давлат ва нодавлат ташкилотларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.   

Учрашувларда бу турдаги жиноятларнинг кенг тарқалган усуллари, фирибгарлик схемалари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидалари ҳамда онлайн тўловлар каби мавзуларда тушунтиришлар берилмоқда. Мутахассислар аҳолига шахсий банк карталари ва СМС кодларни бегоналарга бермаслик, фақат ишончли платформалардан фойдаланиш кераклиги тавсия қилмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.