Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:59 / 2025-09-08

Оҳангарон туманида “Нуронийлар маскани” фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Пўлат Бобожонов ҳамда “Нуроний” жамғармаси раиси Содиқжон Турдиев иштирок этиб, оҳангаронликларни мазкур муҳташам масканнинг ишга туширилгани билан табриклади.

Тадбирда “Нуронийлар маскани” миллий маънавиятимизни юксалтиришда, ёш авлодни юртга садоқат ва маърифат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги шукуҳи кезиб юрган ушбу кунларда, мазкур масканни “Булоқ” зиёратгоҳи таркибидаги хотира монументи яқинида барпо этилгани ҳам бежиз эмас. 

Хотира монументи мустақиллик йўлидаги фидокорлик ва эркинлик рамзи бўлса, нуронийлар ана шу йўлни ёритувчи йўлбошчилар сифатида эътироф этилди. Масканда шинам кутубхона, спорт анжомлари жамланган зал, тиббий хона ва баҳаво боғ мавжуд бўлиб, туман аҳолисига миллий қадриятларни кенг тарғиб этиш ва маънавий тараққиётни таъминлашда муҳим марказ бўлиб хизмат қилади. 

*** 

Тошкент вилояти Насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан Янгийўл туманида жойлашган “Шўралисой” насос станциясида амалий семинар ташкил этилди. Унда Насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъул ходимлари ҳамда тумандаги насос станцияларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар иштирок этди. 

Асосий эътибор энергия ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланиш, кузги-қишки мавсум юмушларини сифатли бажариш, насос станциялари атрофини ободонлаштириш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш масалаларига қаратилди. 

Шу билан бирга, семинар иштирокчилари насос станциясининг иш жараёни билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Масъуллар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бериб, амалиётда муҳим аҳамиятга эга бўлган тавсияларни ҳам тақдим этди. 

*** 

Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Абдулазиз Алиматов бошчилигида вилоят ҳудудларида профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Хусусан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва мавсумни беталафот ўтказиш борасида аҳоли яшаш хонадонлари, мактаблар, тиббиёт масканлари, талабалар турар жойлари ва бошқа ижтимоий объектларда профилактик тадбирлар жадаллик билан олиб борилмоқда. 

Ушбу тадбирлар давомида объектларда техника хавфсизлик қоидаларига риоя қилинганлик ҳолати кўздан кечирилиб, масъулларга ёнғин ва турли фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича йўриқномалар тарқатилди. 

А.Мусаев, ЎзА.