Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
19:00 / 2025-09-05

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раисининг тегишли топшириғи билан ҳудудларда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.

Тошкент вилоятида филиал комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида ўтказилган рейдлар давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, Бўстонлиқ туманининг “Хўжакент” МФЙдаги хонадонда жойлашган “К.Г.” номли дала ҳовлида фуқаро лойиҳа техник ҳужжатисиз табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келингани маълум бўлди. Мазкур ҳолат бўйича қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди ва 3 миллиард 43 миллион сўмлик зарар аниқланди.

Шунингдек, Оҳангарон туманининг “Илғор” МФЙда яшовчи фуқаро Х.Ш.га қарашли уйда табиий газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда истеъмолчи лойиҳа-техник ҳужжатларсиз табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, тижорат мақсадида новвойхона ташкил этгани маълум бўлди. Ҳолат бўйича тегишли тартибда далолатнома тузилиб, 395 миллион 900 минг сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди. 

Юқоридаги ноқонуний ҳолатларга оид барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.

***

“Ойбек” чегара божхона пости орқали нақд хорижий валютани божхона назоратидан яширин ҳолда олиб чиқишга бўлган уриниш божхоначилар томонидан чегара қўшинлари билан ҳамкорликда фош этилди. 

Қўшни давлатга чиқиб кетаётган йўловчи божхона назоратидан ўтаётган вақтда ўзининг шубҳали ҳаракатлари билан ходимларнинг эътиборини тортган у белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилди. Натижада, унинг устидаги кийим чўнтагидан оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва декларацияланмаган 30 мингдан зиёд АҚШ доллари нақд хорижий валюта борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

***

Оққўрғон тумани “Тарих ва ўлкашунослик” музейи ёш авлод тарбиясида муҳим масканлардан бири сифатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бугун ушбу даргоҳга Чиноз туманидан ҳарбий қисм ҳамда Бошқирдистон давлатидан меҳмонлар ташриф буюрди.

Меҳмонларга Оққўрғон заминининг қадимий тарихи, буюк аждодларимизнинг мероси, шунингдек, мустақиллик даврида эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Музей ходимлари ўз навбатида меҳмонларга миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга етказиш барчамизнинг шарафли бурчимиз эканини қайд этди.

Учрашув меҳмонларда катта таассурот қолдириб, ёшларнинг қалбида она юртга меҳр, аждодларга фахр ва келажакка ишонч туйғуларини янада бойитди.

А.Мусаев, ЎзА.