Тошкент вилояти божхона бошқармаси Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари томонидан “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг имкониятлари ва афзалликларини тушунтириш мақсадида ҳудудларда сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Тошкент туманида жойлашган “Мубина келажак омад” корхонаси масъуллари билан учрашувда мазкур режимнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Корхона 2025 йилда умумий қиймати 300 минг АҚШ долларига тенг қадоқланган писта маҳсулотларини Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилган. Жорий йил давомида 1,3 миллиард сўмлик инвестициялар ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, корхона халқаро миқёсда фаолият юритаётган етакчи ишлаб чиқариш компаниялари қаторидан ўрин эгаллаб, махсус бренд остида улгуржи ва чакана савдо тармоқлари билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда.

***
Тошкент вилояти прокурори А.Мирзаев бошчилигида иқтидорли спортчи ва мураббийлар билан учрашув ўтказилди. Унда Президентимизнинг жорий йил 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга бағишланган видеоселекторда берилган топшириқлар ижросига эътибор қаратилди.
Вилоятда спорт соҳасидаги амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар, жумладан, 2028 йилда бўлиб ўтадиган Олимпиада ва Паралимпия ўйинларида вилоят спортчиларининг муносиб иштирокини таъминлаш бўйича мутасаддиларга бир қатор вазифалар белгиланди.


***
Нурафшон шаҳрида Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллигига бағишланган “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда турли тармоқ касаба уюшма аъзолари, нуронийлар, маданият ходимлари, таниқли актёрлар ҳамда эстрада юлдузлари иштирок этди.


Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши раиси С.Файзиева, “Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари А.Носиров, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Р.Шералиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда ва хусусан Тошкент вилоятида амалга ошираётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, истиқлолимиз чин маънодаги олий неъмат эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда мустақиллигимизга ва касаба уюшмаларига оид видеороликлар намойиш этилди. Санъаткорлар ижросида дилтортар қўшиқ ва мусиқалар барчани хурсанд этди.
А.Мусаев, ЎзА.