Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
12:01 / 2025-08-18

Ҳаво флоти куни муносабати билан Тошкент ҳарбий округига қарашли “Чирчиқ” умумқўшин дала-ўқув полигони ҳудудидаги марказий майдонда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” эзгу ғояси остида байрам тадбири ташкил этилди.

Унда касб байрамини нишонлаётган ҳарбий хизматчилар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши вакиллари, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, вилоятдаги авиация ихлосмандлари жам бўлди. Дастлаб ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган турли саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса даврага файз бахш этди. 

Шу билан бирга, ҳарбийлик касбига қизиқиши баланд ёшлар учун ҳарбий техникалар, Тошкент вилояти “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан авиамодель, кемамодель ҳамда ўқув моддий базалари билан яқиндан танишиш имкони яратилди. Шундан сўнг авиапарвозларда жанговар ва ҳарбий-транспорт самолётлари ҳамда вертолёт учувчилари ўз маҳоратларини намойиш этди. 

*** 

Тошкент вилояти ИИББ ҳамда ДХХ ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирларида гиёҳвандлик моддаларини пойтахтга олиб кетаётган ва хонадонда сақлаган шахслар қўлга олинди. 

Хусусан, Оҳангарон тумани Чинор ЙПХ масканида “Фарғона-Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган, 1985 йили туғилган шахс (Ш.Б.) бошқарувидаги автотранспорт воситаси тўхтатиб текширилди. Жараёнда машина салонидан 3 та ўрамда сотиш учун тайёрлаб қўйилган “гашиш” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинди. 

Шунингдек, Нурафшон шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида “Обод турмуш” маҳалласида яшовчи фуқаро гиёҳвандлик воситаларини яшаш хонадонидаги автомобилнинг эски шиналари орасига яшириб қўйгани аниқланди. 

Ҳолатлар юзасидан ушланган шахсларга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

*** 

Чирчиқ Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида спортнинг кураш, оғир атлетика ҳамда таэкwондо WТ турлари бўйича “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. 

Беллашувларда ҳар бир спорт турларидан мазкур мусобақанинг минтақа босқичидан ғолибликни қўлга киритган ёш спортчилар ўз куч ва маҳоратини синовдан ўтказди. Қувонарлиси 300 нафардан зиёд вилоят ёшлари ушбу босқичга етиб келган бўлиб, бу кўрсаткич айнан юқоридаги спорт турлари ҳудудда жадаллик билан ривожланаётганидан дарак беради. 

Мусобақа ғолиблари бу йил декабрь ойида бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг Республика босқичида қатнашади. 

А.Мусаев,ЎзА.