Чирчиқ гарнизонидаги ҳарбий қисмда Тошкент шаҳридаги 100 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган, муқим иш жойига эга бўлмаган ҳамда ички ишлар назоратида бўлган ёшлар учун “Жасорат мактаби” ўқув йиғинининг навбатдаги мавсумига старт берилди.
Жорий мавсум иштирокчилари ҳарбий оркестр садолари остида тантанали кутиб олиниб, дастлаб тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларга ҳарбий либослар берилди. Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур йиғиннинг тантанали очилиш маросимида ҳарбий оркестрнинг оҳанглари садоси мардлик ва сергакликка чорлари. Қўл жанги кўринишлари жасорат ва мардлик рамзига айланди, фахрий қоровулларнинг саф чиқишлари эса тартиб ва интизомга чорлади.
Иштирокчилар 10 кун давом этадиган йиғинда ҳарбий тайёргарлик, спорт ўйинлари, маънавий-маърифий тайёргарлик ҳамда турли касбларни эгаллаш бўйича машғулотларга жалб қилинади.
***
Республикамизнинг барча ҳудудларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга қарши курашишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда. Тошкент туманининг “Уччинор” МФЙда жойлашган, фуқаро А.Ш.га қарашли бинода табиий газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда истеъмолчи лойиҳа-техник ҳужжатларсиз табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, тижорат мақсадида ишлаб чиқариш цехи ташкил этгани маълум бўлди.
Ҳолат бўйича тегишли тартибда далолатнома тузилиб, 1 миллиард 340 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди. Ноқонуний ҳолатга тегишли барча ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига юборилди.

***
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Япония терма жамоаси вакиллари учун кураш бўйича бир ҳафталик маҳорат курси бўлиб ўтмоқда. Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Шукуржон Газиев, Халқаро кураш ассоциацияси ва Халқаро кураш институти раҳбарияти, шунингдек, Япония кураш федерацияси вакиллари, экспертлар ҳамда курашчилар иштирок этди.
Тадбирда мазкур бир ҳафталик ўқув-йиғин машғулотлари япониялик мутахассислар ҳамда курашчиларнинг тажриба ва малакасини оширишга хизмат қилиши, шу билан бирга, машғулотлар Халқаро кураш институтининг энг тажрибали мураббийлари томонидан олиб борилиши алоҳида қайд этилди.

Маълумот ўрнида, кураш усуллари техник ва ҳакамлик қоидалар бўйича интенсив машғулотлар ва баҳолаш мезонлари бўйича назарий ва амалий билимларни оширишни ўз ичига олган ушбу маҳорат курси жорий йилнинг 14-август санасига қадар давом этади.
А.Мусаев, ЎзА.