Олмалиқ шаҳрида замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилди. “OLMALIQ TRANS SERVIS” корхонаси томонидан Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган 26 та “Yutong” русумли замонавий автобуслар олиб келинди.

Мазкур автобуслар ҳудуддаги йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида, хусусан, “5/3-кичик ноҳия – Қалмоққир бошқармаси” ҳамда “Қалмоққир бошқармаси – Аммофос-Махам АЖ” йўналишларида ҳаракатни бошлади. Келгусида, Олмалиқ шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режасига мувофиқ, жами 7 та шаҳар ичи автобус йўналишларида 95 та автобус қўйилиши белгиланган.
***
Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилган маъмурий жарималарни ундириш борасида қўшма рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Хусусан, жорий йил бошидан бери жами 6,8 миллиард сўмлик 3 минг 562 та ижро ҳужжатлари бўйича қарздорларнинг номида автотранспорт воситалари мавжудлиги аниқланган. Шундан ўтказилган рейд тадбирлари давомида 1 минг 112 та қидирувда бўлган автотранспорт воситалари махсус жарима майдончаларига жойлаштирилган.

Ҳозирда, қарздорлигини ўз вақтида бартараф этмаган ҳамда қидирувда бўлган шахсларга тегишли автотранспортни топиш борасида тезкор чоралар кўрилмоқда.
***
“Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент вилояти кенгаши тасарруфидаги Олмалиқ автомобиль мактабида “Ватанпарварлик – олий мақсадим!” шиори остида ёшлар учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди. Унда “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ва вилоят кенгаши раҳбарияти, Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органи вакиллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Дастлаб, иштирокчилар мазкур мактабда яратилган шароитлар, замонавий ўқув хоналари, тренажёрлар, ўқув автодроми, ташкил этилган ўқ отиш, авиамодель, кемамодель, картинг ва мотоспорт бўйича секциялар билан яқиндан танишди. Ҳарбий хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. “Ватанпарварлик – олий мақсадим!” мавзусида ўтказилган давра суҳбати ёшлар учун катта маънавий ва ҳаётий сабоқ бўлди.

Тадбир давомида, “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент вилояти кенгаши томонидан тасарруфдаги ўқув муассасаларига замонавий уч дона “Фотон” русумли юк автомобили, 15 дона “Onix” русумли енгил автомобиль ва 23 дона пневматик спорт қуроллари тантанали топширилди.
А.Мусаев, ЎзА.