Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:37 / 2025-07-11

Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида шахмат бўйича “Иттифоқ кубоги” мусобақаси ўтказилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, Тошкент вилояти спорт бошқармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Нурафшон шаҳар бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган беллашувда ҳудуддаги куч тузилмаларида фаолият юритаётган жами 64 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизим ходимлари ўз маҳоратини синовдан ўтказди.

Якуний натижаларга кўра биринчи ўринни Олмалиқ шаҳридаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси Санжар Ҳамидов эгаллади. Иккинчи ўринни вилоят божхона бошқармаси ходими Равшан Мелиев, учинчи ўринни эса Олмалиқ шаҳридаги ҳарбий қисм хизматчиси Хусниддин Тўхтаев қўлга киритди. Ғолибларга эсдалик совғалари ва махсус дипломлар топширилди. 

***

Тошкент вилояти прокуратураси томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг муаммоларини тезкорлик билан бартараф этиш ва янги қулайликлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда. Олмалиқ шаҳрида ташкил этилган тадбирда Оҳангарон туман, Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилинди. 

Жумладан, вилоят прокурор ўринбосари Х.Бўриев кичик саноат зоналаридаги қурилишга рухсатнома олиш, лойиҳани келишиш ва экспертиза хулосаси олиш, кадастр, коммуникация тармоқларига уланиш каби мавзуларда тушунтириш берди. Банк, солиқ, микромолия ташкилотлари билан муносабатларга оид 17 га яқин мурожаатлар тингланди ҳамда асосий қисми жойида ҳал этилди. 

Шунингдек, саноат зоналари ихтиёридаги ер участкалари ва бино-иншоотлардан йиллар давомида самарасиз фойдаланиш ҳолатлари юзасидан муносабат билдириб бориш, лойиҳаларни жойлаштиришда ҳудудларнинг географик жойлашуви ҳамда инфратузилма имкониятларини инобатга олиниши зарурлиги юзасидан кўрсатмалар берилди. 

***

Мажбурий ижро бюросининг Ангрен шаҳар бўлими янги қурилган замонавий бинода ўз фаолиятини олиб борадиган бўлди. Янги бинонинг очилиш тадбирда соҳа ходимлари, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, фаоллар қатнашди ва яратилган шароитлар билан танишди. Барпо этилган икки қаватли бинода замон талабларига мос 25 та хона ва қўшимча қурилиш, жумладан, она ва бола хонаси, китоб мутолааси учун маънавият хонаси, ошхона, ётоқхона, автотураргоҳ ва яшил майдонлар барпо этилган. 

А.Мусаев, ЎзА.