Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
12:26 / 2025-07-03

Замонавий тиббий билимларни оммалаштириш ва икки мамлакат ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Жанубий Корея давлатидан бир гуруҳ тиббиёт ходимлар Тошкент вилоятига амалий ташриф билан келди.

Дастлаб, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасида вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Султонбеков бошчилигида соҳа масъуллари меҳмонлар билан расмий учрашув бўлиб ўтди. Куннинг иккинчи яримида делегация аъзолари уч гуруҳга бўлиниб, жойлардаги тиббиёт муассасаларида маҳорат дарслари ўтилмоқда. Шунингдек, Тошкент туманидаги перинатал марказ фаолияти билан танишилди. 

*** 

Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва Чиноз тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида “Телеграм” мессенжери орқали фирибгарлик билан шуғулланиб келган шахс аниқланиб, ушланди. 

Аниқланишича, Чиноз туманида яшовчи 33 ёшли фуқаро ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, “Телеграм”да “Бунёдбек” номли профил орқали онлайн даромад олиш ниятида 5 миллион 850 минг сўм пул ўтказганини ва алданганини билдириб қонуний чора кўришни сўраган. Суриштирувлар давомида ушбу фирибгарликни Бухоро вилоятида яшовчи 20 ёшли йигит содир этгани маълум бўлди. У мессенжерда 10 дан ортиқ сохта профил очиб, одамларни “трейдинг” орқали даромад топишга ишонтирган ва уларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келган. 

Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

*** 

Янгийўл шаҳрида нотинч оилаларни мустаҳкамлаш ва фарзанд тарбиясига бағишланган амалий семинар ўтказилди. Тошкент вилояти суди томонидан ташкил этилган тадбирда ҳудудда яшаётган оилалар, ажралиш ёқасида турган, судга ажралиш мақсадида мурожаат қилган эр-хотинлар ва уларнинг ота-оналари, соҳага алоқадор мутасаддилар қатнашди. 

Дастлаб намойиш қилинган “Фарзанд омонат” номли қисқа метражли фильм барчани эътиборсиз қолдирмади. Шундан сўнг оилани мустаҳкамлаш борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди. Айрим нотинч оилалар ҳудуд масъулларига бириктирилиб, профилактик ишлар олиб бориш белгиланди.

А.Мусаев,ЎзА.