Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан тадбиркор билан учрашувлар ўтказиш тизимли равишда йўлга қўйилган.
Шундай учрашувлардан навбатдагиси Паркент туманида жойлашган мева ва сабзавотларни қайта ишловчи “Batu export” корхонасида бўлиб ўтди. Лойиҳа қиймати 15 миллион долларини ташкил этадиган корхонада йилига 5 минг тонна қуритилган мева ва сабзавот маҳсулотлари қайта ишланади.
Ўрганиш давомида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими афзалликлари ва тадбиркорларга татбиқ этилаётган имкониятлар хусусида батафсил маълумотлар берилди. Шу билан бирга, божхона соҳасида яратилаётган қулайликлар ва амалдаги божхона имтиёзлари юзасидан тушунчалар берилиб, лойиҳанинг бизнес-режаси, янги линиялар қўшиш ва модернизация ишлари билан яқиндан танишилди.
***
Тошкент вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалардаги ҳарбий қисм хизматчилари ўртасида ёшлар ўртасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши раиси кубоги учун “Заковат” интеллектуал ўйин ўтказилди.
“Тинчлигимиз, тараққиёт ва фаровонлик учун” шиори остида ташкил этилган мусобақада барча куч тузилмалардан тузилган жами 10 та жамоа иштирок этди. Қизғин кечган баҳс мунозаралар, бир биридан қизиқарли ва кишини фикрлашга, ҳар томонлама синовдан ўтказувчи мантиқий саволларга ёшлар томонидан жавоб берилди.
Якунда фахрли биринчи ўрин Олмалиқ шаҳридаги ҳарбий қисмнинг “Миллат умиди” жамоасига насиб қилди. Иккинчи ўринни Тошкент вилояти Божхона бошқармасининг “Ёш божхоначилар” жамоаси эгаллади. Учинчи ўрин эса Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг “Адолат” жамоасига насиб этди.
***
“Машинасозлар метроси” (Тошкент) – Чорвоқ (Ҳумсон қўрғони) автобус йўналишида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Бу йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш ва аҳолининг транспортга бўлган талабини инобатга олган ҳолда амалга оширилди. Автобуслар 47 та ўриндиқли, шинам ва кондиционерлар билан жиҳозланган. Йўналишда йўлкира нархи 25 минг сўм этиб белгиланган.
Биринчи қатнов “Машинасозлар метроси” бекатидан ҳар куни соат 06:00 да бошланади. Қатновлар ҳар 1,5 соатда амалга оширилади ва вақти 1 соат 30 дақиқани ташкил этади. Сўнгги қатнов соат 20:30 да Чорвоқ томондан амалга оширилади ва соат 22:00 да “Машинасозлар метроси”да якунланади.
А.Мусаев, ЎзА.