Тошкент вилоятида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва уларни фош этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Чиноз туманида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида туман деҳқон бозорида содир этилган ўғирлик фош этилди.
Маълум бўлишича, 4 нафар шахслар савдо расталаридан тахминий нархи 5,2 миллион сўмлик қўл телефонлари ва аксессуарларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган. Шундан сўнг туман ИИБ ходимлари томонидан улар “иссиқ изидан” қўлга олинди. Гумонланувчи шахслар томонидан ўғирланган буюмлар (ашёвий далиллар) жабрланувчиларга қайтарилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Тошкент давлат аграр университетига Жанубий Кореянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 15 дан ортиқ етакчи компаниялар вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди. Учрашувда ақлли қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, вертикал ферма моделларини ўқув жараёнларига интеграция қилиш ва амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотлар давомида томонлар илмий-академик ҳамкорликни кучайтириш, қўшма лойиҳалар, талаба ва мутахассислар алмашинуви, илғор тажриба амалиётлари бўйича ҳам фикр юритилди.
***
Маълумки, Тошкент вилояти бўйича туман-шаҳар газ таъминоти бўлимлари томонидан 39 минг 724 нафар аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ етказиб берилади. Жорий йил январь-май ойларида туман-шаҳар аҳоли хонадонларига 2 минг 481 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган.

17 июнь ҳолатига 2 минг 521 тонна (йиллик режага нисбатан 102 фоиз) суюлтирилган газ етказиб берилди. Айниқса, олис-тоғли ҳудудларнинг бориш қийин бўлган 13 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги истеъмолчилар мурожаатлари алоҳида эътиборга олинмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.