Жорий йилнинг 5-9 июнь кунлари Сеулда Ўзбекистон-Корея туризм форуми бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти вакиллари ҳам фаол иштирок этди.
Бундан кўзланган мақсад вилоятнинг туризм, маданият ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдир. Шу бўйича кореяликларнинг тажрибалари Паркент туманидаги “Чашма” этно-туризм қишлоғи лойиҳаси учун асос қилиб олинди.


***
Тошкент вилояти ҳокимлигида кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида “Камбағалликдан – фаровонлик сари” давлат дастури доирасида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар натижалари танқидий таҳлил қилинди.

Шунингдек, раҳбарларнинг ўзига бириктирилган камбағал оилалар билан олиб бораётган ишлари, бу борадаги самарадорлик, одамларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида, қонуний ҳал қилиш борасидаги ижобий натижалар ҳақида сўз борди. Бундан ташқари, “Хавфсиз ҳудуд” концепцияси доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан вилоят ишчи гуруҳи ўрганиш олиб борган эди. Йиғилишда ўрганиш якунлари бўйича ишчи гуруҳ хулосаси юзасидан муҳокама ўтказилди ва вазифалар белгиланди.
Мажлисда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

***
Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Яллама” чегара божхона пости орқали юк автотранспорт воситасида юртимизда фаолият олиб бораётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига олиб келинаётган юклар божхона назоратидан ўтказилди.
Божхона ходимлари ва мазкур чегара божхона пости тасарруфидаги божхона омбори вакиллари ва икки холис иштирокида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, қиймати 1 миллиард сўмлик спорт анжомлари борлиги аниқланди. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.

Аслида Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар товар ва моддий бойликларни ишончли ва тўғри декларациялашда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

***
Ёшлар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги”нинг Тошкент вилояти босқичига қуръа ташланди. Натижаларга кўра, туман-шаҳарларда ғолибликни қўлга киритган жамоалар ўз рақибларини аниқлаб олди. Мусобақа ўйинлари белгиланган тартибда бўлиб ўтади. Вилоят босқич ғолиби эса Республика йўлланмасини қўлга киритади.


А.Мусаев, ЎзА.