Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:38 / 2025-05-22

Ўзбекистон кончилик ва металлургия ходимлари куни муносабати билан Олмалиқ шаҳар аҳолиси, таълим муассасалари ва комбинат ишчи-ходимлари ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича “Раҳбар кубоги” мусобақаси ташкил этилди.

ОКМК ходимлари касаба уюшмаси кенгаши қошидаги спорт ва жисмоний тарбия бўлими томонидан ташкил этилган мусобақанинг ёшлар ўртасидаги баҳсларида 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шоҳжаҳон Сиддиқов ғолибликни қўлга киритди. Катталар ўртасидаги баҳсларда эса Қалмоққир кон бошқармаси ходими Андрей Тюменцов рақибларидан устун келиб “Раҳбар кубоги”га сазовор бўлди. 

Эътиборлиси, ақл гимнастикаси бўлган шахмат мусобақасида 250 нафарга яқин иштирокчилар ғалаба учун дона сурди. Мусобақа ғолиблари эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. 

***

Президентимизнинг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон-2030 стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жорий йилнинг март-апрель ойларида Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва ҳудудий ҳокимликлар билан ҳамкорликда мамлакатимиз умумтаълим мактаблари информатика фани ўқитувчилари учун “InfoTeach-2025” форуми ташкил этилмоқда. 

Хусусан, Тошкент вилояти педагоглар ва ўқувчилар учун Нурафшон шаҳрида ҳам икки кунлик амалий форум бошланди. Бугун Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон, Нурафшон, Бекобод, Янгийўл шаҳарлари ҳамда Бўка, Пискент, Бекобод, Янгийўл туманларидан келган қатнашчилар учун очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди. Унда айнан IТ йўналишга ихтисослашган олий таълим муассасалари ҳамда компаниялар вакилларининг креатив тақдимотлари ўтказилди. 

Иштирокчиларнинг бу борадаги қизиқишлари, уларни ўйлантирган саволлари муҳокама этилиб, истиқболдаги режалари билан ўртоқлашилди. Жараёнда сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш, робототехникадаги янгича имкониятлар, график дизайн билан шуғулланиш борасида қизиқарли маълумотлар берилди. 

***

Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Бош прокуратура, вилоят ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида навбатдаги назорат рейд тадбири ўтказилди. 

Хусусан, Тошкент тумани “Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ш.А. томонидан яшаш хонадонида ноқонуний бир дона Амур йўлбарси ва етти дона йўлбарссимон питон илонлари сақланаётгани аниқланди. 

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан кўпгина (рўйхат асосида) ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш ҳамда цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш таъқиқланди.  

Шунга асосан барча ёввойи ҳайвонлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилди. Бош прокуратура томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Ушбу йўналишдаги экологик назорат тадбирлари ҳудудларда давом этмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.