Соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Юқори Чирчиқ туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимини тўлиқ таъмирлаш ишлари учун 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Лойиҳага асосан бинонинг том қисми бутунлай янгиланди, ташқи ва ички инфратузилмаси замонавийлик касб этди. Шу билан бирга, энергетик тежамкорликни таъминлаш ва экологик барқарорликни ошириш мақсадида қуёш панеллари ўрнатилди. Эндиликда юқумли касалликлар бўлими барча талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтирилди ҳамда беморларни қабул қилишга тўлиқ тайёр ҳолга келтирилди.
***
“Навоий” чегара божхона пости орқали юртимиздан чиқиш учун пиёда ҳолда кириб келган фуқаронинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилди. Текширувлар натижасида оғзаки сўровда маълум қилинмаган 13 дона мусиқа асбоблари, 11 дона ваза, 3 дона кўза, 12 дона кичик обдаста, 1 дона калян учун мослама, 2 дона қозон борлиги фош этилди.
Маданий мерос агентлиги бадиий экспертиза хулосасига кўра, аниқланган 42 дона ашёлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ маданий бойликларга тегишли ашёлар тоифасига киради. Улар бадиий, тарихий аҳамиятга эга. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ман этилади. Бугунги кунда ушбу маданий бойликларнинг баҳоси 55 миллион сўмни ташкил этади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
***
Бу йил Тошкент вилоятида 34 минг қути ипак қурти парваришланиб, ундан 2 минг тонна пилла хомашёси етиштириш кўзда тутилган. Жараёнларда Вьетнам тажрибаси кенг қўлланилмоқда. Пилла етиштириш давомида вилоятда 100 минг нафар мавсумий иш ўрни яратилади.

Хусусан, жорий йил Бўка тумани меҳнаткашлари пешқадам бўлиб, пилла теримини бошлаб юборди. Маълумотларга кўра, Бўкада жами 3 минг 900 қути ипак қурти парваришланиб, 234 тонна пилла хомашёсини етиштириш режалаштирилган. Ҳозирда 10 минг нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА