“Хавфсиз ҳудуд-долзарб 50 кун” махсус профилактик тадбирлар доирасида Қуйи Чирчиқ туманидаги 6 та хонадондан элликка яқин мол-қўйларни ўғирлаган шахслар фош этилди.
Тошкент вилояти ИИББ ва ҳудудий ИИБ ходимлари томонидан ҳудуднинг “Кўксарой”, “Хўжаписком”, “Дўстлик”, “Пахтазор”, “Маданият” ва “Белтепа” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонларга яширин равишда кириб, қиймати 128 миллион сўм бўлган жами 45 бош қўйларни ўғирлашда гумонланган 19-25 ёш орасидаги 4 нафар шахс ушланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Чирчиқ учувчилар шаҳарчасида жойлашган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм ташкил топганининг 55 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Тадбирда узоқ йиллар хизмат қилиб, Қуролли Кучлар ривожига муносиб ҳисса қўшган нафақадаги фахрий учувчилар, Олий ҳарбий билим юрти раҳбарияти ҳамда бир қатор жамоат ташкилоти вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар ҳарбий қисмнинг шонли тарихи ҳамда узоқ йиллар хизмат қилган маҳоратли учувчиларнинг Қуролли Кучлари ривожига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиб, ҳозирги кунда устоз-шогирд анъаналари бугунги кунда янги босқичга кўтарилганлигига тўхталиб ўтди.

Якунда хизмат фаолиятида эришган ютуқлари учун бир гуруҳ фахрийлар ва ҳарбий хизматчилар эсдалик нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ташкил этилган концерт дастури иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
***
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан Ўзбекистон волейбол федерацияси ўртасида ўқув-машғулотлари, илмий-услубий ва инновацион технологиялар асосида волейбол спорт турини янада такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган учрашувда университет ректори Рашид Маткаримов, профессор-ўқитувчилар, Ўзбекистон волейбол федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Жамоат Хавфсизлиги Департаменти бўлим бошлиғи Анвар Мўйдинжанов, Сербиялик тренер Моро Бранислав ҳамда федерация ходимлари иштирок этди.


Муҳокама давомида университет ва федерация ўртасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорликни ривожлантириш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, талабаларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва уларни нуфузли халқаро спорт мусобақаларига кенг жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
***
Гематология бўйича тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида Тошкент вилоятида Гематология бўлими ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг тегишли қарори имзоланди.
Ҳозиргача гематологик касалликлар билан беморларни даволаш учун Чирчиқ шаҳар кўп тармоқли тиббиёт марказида кам сонли шифо ўринлари ажратилган эди. 2024 йил давомида шу тоифадаги 236 нафар бемор даволанган. Мутахассислар гематологик касалликлар билан оғриган беморларни стационар шароитларда тўлиқ даволашнинг имконияти етарли эмас дея таъкидламоқда.

Қарорда белгиланганидек, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт маркази вилоят филиали, Чирчиқ шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг Терапия бўлимларида жами 40 ўринли Гематология бўлими фаолияти йўлга қўйилди. Келгусида бу борадаги ишлар такомиллаштирилади.
А.Мусаев, ЎзА.