Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Психотроп моддаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш ойлиги” доирасида Қибрай тумани ИИБ ходимлари томонидан навбатдаги тадбир ўтказилди.
Унга кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи 38 ёшли шахс Х.П. бошқарувидаги автомашина ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди. Натижада машина юкхонасида сотуви чекланган, турли ном ва кўринишдаги 336 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси сақлаб келинаётгани аниқланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида таниқли ижодкорлар Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзо, “Ёшлик” адабий-ижтимоий журналининг бош муҳаррири Нурулла Чори, ёш ижодкор, сценарист Сардорбек Ҳамроев ТДТУ Олмалиқ филиали талабалари билан учрашди.
Ижодкорлар инсон ўз ҳаётини маърифат нурлари билан тўлдириши учун мунтазам китоб ўқиш зарурлигини таъкидлади. Учрашувда ижодкорлар жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш борасида ёшларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади. Шундан сўнг талабалар ўртасида ижодкорлар фаолиятига оид мавзуларда “Заковат” ўйинлари ҳам ташкил этилди.

***
Маълумки, жорий йилнинг 25 ноябридан 4 декабригача барча ҳудудларда Асосий фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичи юқори савияда ўтган эди. Олимпиаданинг 1-гуруҳ фанлари математика, физика, кимё, биология, информатика доирасида 1 минг 75 нафар, 2-гуруҳ фанлари она тили ва адабиёт, ўзбек тили, рус тили ва адабиёти доирасида 1 минг 740 нафар ўқувчи қатнашди.
Янгийўл туманидаги Баркамол авлод болалар марказида мазкур билимлар синовларида юқори натижаларни қўлга киритган 144 нафар ўқувчини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, ғолиб ўқувчиларнинг устозлари ҳамда ота-оналар иштирок этди.
Мазкур босқичда 1-, 2- ва 3-ўринни қўлга киритган 11-синф ўқувчилари олимпиаданинг Республика босқичида, шунингдек, 1-гуруҳ фанларидан ҳар бир синф бўйича энг яхши натижа қайд этган дастлабки 5 нафар иштирокчи халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоасига саралашнинг 1-босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.

***
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси масъуллари ҳудудда яшовчи кексалардан хабар олиб, уларга бириктирилган ижтимоий ходим ассистентлари фаолиятини мониторинг қилди. Ҳозир вилоятда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан реестрга киритилган 1 минг 412 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ва ёлғиз яшовчи, ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд.

Уларга 200 нафар ижтимоий ходим ассистентлари хизматлар кўрсатмоқда. Мулоқотлар давомида мавжуд шароит, олиб борилаётган ишлар кўриб чиқилди. Бу тоифадаги фуқароларга имкон қадар қулайлик яратиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
А.Мусаев,ЎзА.