Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
13:30 / 2024-11-02

Давлатимиз раҳбари томонидан туризм соҳасини ривожлантириш юзасидан таклиф илгари сурилган эди. Тошкент вилоятида ҳам туризмни ривожлантириш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилди. Шу муносабат билан янги кенгаш ҳудудда ўз ишини бошлади.

Нурафшон шаҳрида ўтказилган йиғилишда соҳада олиб борилаётган ишлар сарҳисоб қилинди ва тадбиркорлар томонидан туризм соҳасини ривожлантириш борасида қатор таклифлар билдирилди. Шу билан бирга, тармоқларда учраётган муаммо ва мурожаатлар тингланди. Айниқса, туризм инфратузилмаси ва транспорт логистикаси соҳаларида вужудга келаётган муаммолар кўриб чиқилиб, бартараф қилиш юзасидан топшириқ берилди.

***

11 ноябрь – “Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни” муносабати билан Нурафшон шаҳрида  “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз!” шиори остида спорт мусобақаси ўтказилди.  

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда вилоят Спорт бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган мусобақада турли тармоқлар таркибидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг Касаба уюшма раислари ҳамда фаоллар иштирок этди. Улар футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби спорт турларида ўз имкониятларини синовдан ўтказди.  

Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

***  

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан иш юритувдаги фуқаролар манфаатлари юзасидан қарздорликларни ундириш борасида тегишли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.  

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида жами 626 миллиард сўмлик 58 755 та ижро ҳужжатлари келиб тушган ва ўрганилган. Кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида 34 минг 757 та ижро ҳужжатлари тамомланиб, 222,6 миллиард сўм қарздорликлар амалда ундирилган.  

Бундан ташқари, давлат ва бюджет ташкилотлари, хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобидан 11 минг 450 нафар фуқаролар фойдасига 97,6 миллиард сўм маблағ ундириб берилган. Шу билан бирга, фуқаролар фойдасига ундирилиши лозим бўлган 8 минг 434 та ижро ҳужжатлари бўйича 7,1 миллиард сўмлик қарздорликлар ундирилиши таъминланди.

***

Тошкент вилояти Экология бошқармаси Оҳангарон тумани бўлими инспекторлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси пост-патрул хизмати ходимлари билан ҳамкорликда навбатдаги экологик назорат тадбири ўтказилди.

Унда уч фуқаро С.X., А.А. ҳамда X.А. томонидан ноқонуний тарзда ҳеч қандай ҳужжатларсиз сава қушларини овлаётган ҳолат аниқланди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдоринг 10 баробари миқдорида жарима белгиланиб, 3 миллион 750 минг сўмдан тўлайдиган бўлди.  

А. Мусаев, ЎзА.