Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:37 / 2024-10-18

Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Хитой Халқ Республикасининг Анхой провинцияси тадбиркор аёллари уюшмаси раиси Хиамеи Янг бошчилигидаги делегация аъзолари билан мулоқотда бўлди.

Дастлаб, меҳмонлар вилоятда қулай сармоявий муҳит яратилгани, бир қатор соҳаларда ҳамкорликлар қилишга тайёрлигини, шунингдек, ушбу учрашув манфаатли ва фойдали ҳамкорлик учун асос бўлишига ишонч билдирди. Учрашувда парфюмерия, фармацевтика, яшил энергетика, туризм, мис саноати, каолинни қайта ишлаш лойиҳалари кўриб чиқилди.  

 

Шунингдек, махсус техникалар, автомобилларни зарядлаш ускуналарини ишлаб чиқариш, логистика марказини ташкил этиш бўйича ҳам аниқ таклифлар билдирилди ва келгусида эркин иқтисодий ҳамда кичик саноат зоналарида ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ҳам келишувларга эришилди.  

***  

Сифати кафолатланмаган дори воситаларини божхона назоратидан яширинча олиб киришга бўлган уринишларга қарши вилоят божхоначилари томонидан кескин кураш олиб борилмоқда.  

Юртимизга ўтиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган икки нафар фуқароларнинг хатти-ҳаракатларида шубҳа пайдо бўлганлиги сабабли, божхона ходими томонидан холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилди.  

Унда фуқаролар танасининг бел ва оёқ қисмларига яширилган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган қиймати 15 миллион сўмлик жами 724 дона ҳар хил турдаги дори воситаларини олиб ўтаётгани аниқланди.  

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.  

***  

Вилоятда фуқаролар саломатлигини тиклаш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Мудофаа вазирлиги ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда Зангиота туманида жойлашган 17-сонли оилавий поликлиникада чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.    

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали мутахассислари томонидан туманнинг “Катта чинор”, “Ўртаовул”, “Гулзор”, “Файз”, “Кенг-кичик”, “Ниҳол”, “Обод турмуш”, “Абдужалил бобо”, “Олмазор” МФЙ аҳолиси учун сайёр тиббий текширувлар ўтказилиб, унга 420 нафар фуқаро жалб этилди. Тиббий текширув жараёнида 237 нафар фуқарода турли касалликлар аниқланиб, 234 нафарига амбулатор даво буюрилди.  

Асосан, тиббий кўрикка аёллар жалб этилиб, ёш болаларнинг саломатликларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу каби тиббий кўриклар бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.  

А.Мусаев,ЎзА.