Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:59 / 2024-09-25

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Президентимиз ташаббусига кўра, ҳар бир маҳалла тўлиқ хатловдан ўтказилиб, “камбағал оилалар портрети” ишлаб чиқилмоқда.

Унга асосан Тошкент вилоятидаги раҳбарларга ҳам шароити оғир оилалар бириктирилди. Ҳозирда бириктирилган раҳбарлар томонидан ҳудудларда ўрганишлар бошланди. Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланганлар рўйхатида турувчи оилалар ҳолати бирма-бир кўриб чиқилмоқда. 

Ҳар бир оиланинг даромад ва харажатлари, эҳтиёжи аниқланиб, “Оилани камбағалликдан чиқариш индивидуал режа”сини ишлаб чиқилди. Меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини бандлигини таъминлаш, томорқадан фойдаланиш ҳолати каби бир қатор масалалар ҳам эътиборга олинади. 

*** 

Бўка туманида замонавий меъморий ечимга эга, миллий шаҳарсозлик нормаларига мувофиқ қад ростлаган ва IT коммуникация технологиялари билан жиҳозланган туман адлия бўлимининг икки қаватли янги биноси фойдаланишга топширилди. Бинонинг очилиш маросимида Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Х.Назаров, Бўка тумани ҳокими Б.Бегматов, сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Мазкур бинода туман адлия бўлими, давлат хизматлари маркази, ФҲДЁ бўлими, юридик хизмат кўрсатиш маркази ва “Мадад” ННТ жойлашган бўлиб, ташриф буюрувчилар учун қулай шароитлар мавжуд бўлиб, аҳолига бир вақтнинг ўзида 360 дан ортиқ турдаги хизматлар кўрсатиш имкони яратилди. 

Ташриф буюрувчилар хизматлардан мустақил фойдаланишлари, шунингдек, турли имкониятлардан хабардор бўлишлари учун ахборот стендлари ва постерлар қўйилган. Бундан ташқари болалар майдончаси ҳамда мини кутубхона ташкил қилинган. 

*** 

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Италиянинг Тусcиа университети билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Дастлаб, университетлар ҳақида тегишли маълумотлар берилди. Шундан сўнг икки олийгоҳ ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда спорт маркетинги йўналиши ва соҳавий илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

А.Мусаев, ЎзА.