Тошкент вилоятининг “С.Нажимов” ва “Яллама” чегара божхона постларида Республикамиз ҳудудига кириб келаётган гўшт, тирик ҳайвон ва бир турдаги маҳсулотларни олиб киришда чегара божхона постларида якуний божхона режимларига тезкорлик билан расмийлаштирувини амалга ошириш йўлга қўйилди. Бу каби қулайликлар тадбиркорлар учун тез бузиладиган маҳсулотларни чегарада устувор тартибда навбатсиз ўтказиш ҳамда товарларни шу ернинг ўзидан эркин муомалага чиқариш имконини беради.
Жорий йилнинг бир ой давомида биргина “С.Нажимов” чегара божхона пости орқали 250 тонна гўшт, минг бошга яқин тирик ҳайвонлар ҳамда 760 метр куб ёғоч маҳсулотларини якуний божхона режимига расмийлаштируви амалга оширилган.
***
Бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, соҳа олимлари ва мутахассислари томонидан Тошкент вилоятида энергия ресурсларини иқтисод қилиш масалалари илмий асосда ўрганилмоқда.
Хусусан, жойлардаги 168 саноат корхоналари ўрганиб чиқилди. Мутахассислар томонидан Паркент туманидаги “Hamkor” МЧЖда маҳсулот ишлаб чиқаришдаги энергия сарфи ҳамда уни иқтисод қилиш масаласи таҳлил қилинди. Хўжалик юритувчи субъект вакилларига тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, “Паркент сув таъминоти” МЧЖ ҳамда туманинг Қизил тоғ маҳалласида жойлашган “Қуёш-25” номли подстанциянинг ишлаш режими ҳам кўздан кечирилди ва масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
***
Юқори Чирчиқ туманида Турин политехника ва Жанубий Кореянинг Ёнгнам университетлари билан ҳамкорликда “AKITA – Koreya IT Alyansi Akademiyasi”ни очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Ускенбай Атемов, АКИТА Директорлар Кенгаши раиси Жонг Ок-Рае, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори Олимжон Тўйчиев ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, АКИТА – бу IТ саноат-академия ҳамкорлиги асосида яратилган факультет бўлиб, у Кореянинг IТ технологиялари ва энг янги таълим дастурлари орқали Ўзбекистонда иқтидорли кадрлар етиштиришга ўз ҳиссасини қўшади.
Таълим муассасасида симсиз алоқа ва телерадиоэшиттириш инжиниринг, сунъий интеллект, ахборот тизимлари ва технологиялари ва медиадизайн йўналишлари бўйича қўшимча таълим дастури йўлга қўйилган.
***
Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда янги китоб нашр этилди.
“Тошкент вилояти қишлоқлари тарихи” номли китоб шу йўналишдаги биринчи нашр ҳисобланади. Йил якунига қадар, китобнинг иккинчи ва учинчи жилдлари ҳам чоп этилади. Асар илмий-оммабоп нашр ҳисобланиб, китобда вилоятнинг 41 та қишлоқ ва маҳалласининг тарихи, бугуни, ҳудудда етишиб чиққан таниқли инсонлар ҳақида қисқача маълумот берилган.
Лойиҳа раҳбари Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. Муаллифлар Дилшода Аннаева ва Нигора Ўролова. Китоб “Ёшлар кундалиги” нашриётида 3 минг нусхада чоп этилган.
А. Мусаев, ЎзА.