Юртимиздан қўшни мамлакатга чиқиб кетиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда кириб келган фуқаронинг қўлидаги картон қути белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада йўловчида божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда айтилмаган “Калхат” номли қарчиғайсимонлар оиласига мансуб 2 дона тирик қуш борлиги аниқланди.
Айни пайтда ушбу қушлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилиб, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Тошкент вилоятида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасидаги спорт мусобақалари қизғин давом этмоқда.
Нурафшон шаҳридаги марказий стадионда спортнинг енгил атлетика тури бўйича вилоят босқичи старт олди.
Унда барча туман ва шаҳарларидан келган 528 нафар спортсевар ёшлар уч (16-21, 22-26, 27-30) ёш тоифасида қатнашмоқда. Ғолиблар белгиланган тартибда сараланади ва Республика босқичига йўлланма олади.


***
Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси томонидан жойларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Нурафшон шаҳрида ҳам аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилди.
Бунда "Аёллар дафтари"нинг биринчи босқич тоифасига кирувчи 17 нафар хотин-қизга тикув машиналари ва оверлоклар топширилди.
Эндиликда, ҳудуд аёллари уйида ўтирган ҳолда меҳнат қилиб, даромад топади.

***
Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида “Қўмондон ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.
“Ёшлар ойлиги” доирасида ташкил этилган тадбирга муддатли ҳарбий хизматчилар ҳамда 400 дан ошиқ маҳаллий ўқувчи ва спортчи қатнашди. Тадбир доирасида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича бўш иш ўринлари ярмаркаси, китоблар, жанговар қурол-аслаҳалар, маданият ва санъат йўналишларида кўргазмалар ташкил этилди.
Шундан сўнг ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар акс эттирилган видеоролик, фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий хизматчилар томонидан саҳналаштирилган “Жадидлар” номли саҳна кўринишлари ва Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.


Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони, полковник Журъат Яқубов ва Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Хамдамов очиқ мулоқот тарзида кечган учрашувда сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Самимий тарзида кечган тадбир якунида фаол ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А. Мусаев, ЎзА мухбири