Юқори Чирчиқ туманида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази биносининг очилиш маросими бўлди.
Қайд этилганидек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, боқувчисини йўқотган оилалар, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар ва бошқа шахсларга маҳалла даражасида ёрдамлар берилади.
Хусусан, марказдаги оператор ойнаси орқали 60 йўналишда онлайн мурожаатларни қабул қилиш, аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилган. Бугунги кунда туман аҳолиси 39 минг нафардан ортиқни ташкил қилади. Маҳаллалар сони эса 50 та. Ушбу маҳаллаларга 20 нафар ижтимоий ходим бириктирилган бўлиб, фуқароларга манзилли хизмат кўрсатмоқда.

***
Тошкент вилояти прокуратураси томонидан кичик саноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш юзасидан муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, вилоят прокурори С.Эшқувватов Янгийўл туманидаги кичик саноат зонасида “Infinitiy-Plast” МЧЖнинг “пластик маҳсулотларни ишлаб чиқариш” ва “PRICELESS MILK” МЧЖнинг “қоп маҳсулотларини ишлаб чиқариш” лойиҳалари билан танишди.
Саноат зонасидаги лойиҳа эгалари билан “Очиқ мулоқот” тарзида учрашув ўтказилиб, уларни қийнаб келаётган масалалар тингланди. Шунингдек, соҳага масъул идора раҳбарларига тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестицион жозибадорликни ошириш, юзага келаётган муаммоларни ваколат доирасида ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳозиргача прокуратура органларининг амалий кўмагида вилоят бўйича кичик саноат зоналарининг 62 та лот бўйича жами 32,4 гектар ер майдони аукцион савдоларига чиқарилган. Шунингдек, ушбу зоналарда ўндан ортиқ лойиҳалар ишга туширилиши, 254 та иш ўрни яратилиши ва 36,6 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилиши таъминланган.
Мазкур йўналишда назорат тадбирлари давом этмоқда.


***
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор вакиллари томонидан ҳарбий қисм ходимлари билан ҳамкорликда олдиндан олинган тезкор маълумотларга асосан Тошкент тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.
Натижада “Ғишткўприк” чегара божхона пости яқинида жойлашган савдо маркази автотураргоҳидаги фуқарога тегишли бўлган автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Хусусан, автотранспорт воситасининг юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси акциз маркалари билан маркаланмаган, дастлабки ҳисобларга кўра қиймати 50 миллион сўмлик минг қути “ESSE CHANGE” номли тамаки воситалари борлиги аниқланди.
Ҳозир юқоридаги ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

***
Тошкент вилояти Спорт бошқармаси ва “ОКМК ПФК” МЧЖ ўртасида меморандум имзоланди.


Илгари вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Р. Бобоқулов томонидан футболни ҳудудда ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида ОКМК футбол академияси филиалини очиш таклифи билдирилган эди. Шу мақсадда куни кеча икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Томонлар келгусида қилинадиган ишлар юзасидан келишиб олди.Яъни футбол майдонларидан фойдаланиш, спорт кийимлари ва анжомлари билан таъминлаш, мураббийлар штабини шакллантириш, футбол мусобақаларини ташкил қилиш, ривожлантириш ва такомиллаштириш зарур бўлади.
А. Мусаев, ЎзА мухбири